Ўзбекистон | 08:09 / 16.11.2020
59211
3 дақиқада ўқилади

Битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичлари бўйича энг катта ўсиш икки вилоятда қайд этилди

Наманган ва Хоразм вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан мактаблар масаласига эътибор кучлироқ бўлиб келган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳудудларда таълимни яхшилаш бўйича натижага эришиш учун энг яхши тандем – жамоани бирлаштира оладиган фидойи халқ таълими бошқармаси раҳбари ҳамда уни доим қўллаб-қувватлайдиган вилоят ҳокими.

“Наманган ва Хоразм вилоятларида шу каби тандем бўлгани сабабли бошқа ҳудудларга нисбатан мактаблар масаласига эътибор кучлироқ бўлиб келган. Шунинг учун ҳам, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами арафасида қатор педагоглар билан бирга ушбу икки вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарлари “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган эдилар.

Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича биринчи 5талик ҳудудлар орасида энг катта ўсиш ҳам айнан Наманган ва Хоразмда кузатилмоқда”, – деб ёзади вазир.

Таъкидланишича, барча мактабларда ОТМга йўналтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани сабабли, бу йил умумий битирувчиларнинг сони 1,59 баробар ортган бўлса-да, ОТМга кирган битирувчилар сони 2,02 баробар ортган. Ташқи омиллар деярли барча ҳудудга бир хил таъсир қилади (квоталарнинг ошиши, китоблар, ДТМ тестлари ва ҳ.к.), айнан шу икки ҳудудда кўрсаткичларнинг ўсиш суръати бошқа ҳудудларникидан анча юқори бўлганига Наманган вилоятининг ўрни ўтган йилдагига нисбатан 4 поғонага кўтарилган, Хоразмники эса 2 поғонага.

“Ушбу оддий мисолнинг ўзи президентимиз томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарларини вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида мавқейи кўтарилиши ҳамда ҳокимларга камида 30-40 фоиз вақтларини мактабларга ёрдамга сарфлашлари бўйича кўрсатма берилиши бежизга эмаслигини кўрсатмоқда.

Вилоят (туман) ҳокими халқ таълими бошқармаси (бўлими) раҳбарини ҳафтасига камида бир маротаба қабул қилиб, муаммоларини ечишда ёрдам берса, албатта, ўша ҳудудда таълим йўналишида ривожланиш бўлади. Ҳоким томонидан эътибор берилмаса ёки вилоят (туман) халқ таълими раҳбари муаммоларни тўғри таҳлил қилиб ҳокимга тушунтира билмаса, жойларда ижобий ўзгариш бўлиши жуда қийин. 

Бу тезкор йиғилган маълумотлар. Суперконтракт ҳамда янги очилаётган хусусий ва хорижий университетлар қабуллари натижалари бўйича Тошкент шаҳри (ҳамда баъзи ҳудудлар) кўрсаткичида йил якунигача қўшимча ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Битирувчилари ОТМга умуман кирмаган мактаблар сони деярли 3 баробарга камайди, бу бўйича алоҳида батафсил маълумот берамиз”, – деб ёзади Шерзод Шерматов.

Мавзуга оид