13:29 / 25.11.2020
5458

«Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd»даги давлат улушини хусусийлаштириш учун хорижий компанияларга мурожаат қилинди

«Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd» МЧЖ (CCBU) устав капиталидаги давлат улушини (57,1 фоиз) сотишни ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларига хорижий компаниялар жалб этилмоқда.

Фото: Ccbu.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги CCBU’даги давлат улушини сотиш жараёни умумэътироф этилган, мамлакатимиз қонунчилигига зид бўлмаган, халқаро амалиётга мувофиқ барча манфаатдор харидорлар учун ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, шу мақсадда ҳукумат фармойишига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Адлия вазирлигининг раҳбар таркиби вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, танлов асосида – Rothschild & Co инвестиция банки (молиявий маслаҳатчи), Dentons юридик фирмаси (юридик маслаҳатчи), шунингдек KPMG (молиявий ва солиқ ҳисоботларини тузиш, шунингдек, компаниянинг устав капиталидаги давлат улушини баҳолаш) каби етакчи халқаро маслаҳатчилар жалб қилинди.

Ротшильдлар молиявий тузилмасининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича расмий вакили Жиованни Салветти 2018 йили ОАВга берган интервьюсида банк раҳбариятининг Ўзбекистон бозорига кириш истаги борлигини билдирганди.

«Ўзбекистон катта истиқболли мамлакат ва янги раҳбарият давлатни модернизация қилишга бел боғлаган, деб ўйлайман. Бизнинг Қозоғистондаги ишларимиз, яъни давлат мулкларини хусусийлаштириш ва банклар трансформациясига кўмак берганимиздаги тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўлласа бўлади», — деган Салветти.

Давлат активларини бошқариш агентликнинг хабар беришича, битим ишга туширилганда агентлик веб-сайтида белгиланган мезонларга жавоб берадиган барча манфаатдор томонларни иштирок этишга таклиф қилувчи ахборот хабари эълон қилинади.

«Мезонлар қаторига тегишли операцион фаолият тажрибасига ва Битимни амалга ошириш учун етарли молиявий ва бошқарув ресурсларига эга бўлиш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида узоқ муддатли инвестор сифатида қатнашиш истаги ва тайёрлик, шунингдек, ТCCECнинг бизнесини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маркетингга инвестициялар киритиш бўйича стратегик режаларига мувофиқлик киради. Мезонларнинг тўлиқ рўйхати Битим ишга туширилганда эълон қилинади», — дейилади хабарда.

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd.» МЧЖ ХК Ўзбекистонга 1993 йили кириб келган ва илк маҳаллий ишлаб чиқарувчи завод 1994 йили март ойида ишга туширилган. Айни пайтда компания устав фондидаги 42,9 фоиз улуш «The Coca-Cola Export Corporation» тегишли. Компания Ўзбекистон бўйлаб, Тошкент, Наманган ва Урганчдаги жами 3та ишлаб чиқариш заводига эгалик қилади.

 «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd»нинг уставидаги давлат улушини сотиш масаласи 2018 йилдан буён янграб келади. Жорий йил ёз ойларида ушбу масала юзасидан расмий хабарлар тарқалганди

Top