14:05 / 02.12.2020
28457

Ҳуқуқшунос Сурайё Раҳмонова — судга босим, манфаатлар тўқнашуви ва жамиятнинг судьяга муносабати ҳақида

Бош прокуратура собиқ матбуот котиби, юридик фанлари доктори Сурайё Раҳмонова Kun.uz’га интервью бериб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгариш ва кузатилаётган ҳолатларга муносабатини билдирди. 

Сизни кўпчилик, кенг жамоатчилик Бош прокуратура матбуот хизматига раҳбарлик қилганингиздан бери танийди. Нима учун Бош прокуратура матбуот хизматидан кетдингиз?

— Бу саволингизга жавоб беришда, шуни таъкидламоқчиманки, сиз айтганингиздек, мен, аввало, олим инсонман. Ҳар қалай таълимда ва илмда 15 йилдан ортиқ фаолият юритганман. Албатта, ҳодиса, воқеалар, ҳаётдаги йўлингизда турли позицияларда ишлаш, фаолият юритишга тўғри келади. Шу нуқтайи назардан прокуратура органларида, хусусан, матбуот хизматида ишлаш, тажрибага эга бўлиш имконияти менда мавжуд бўлган. Лекин айтганингиздек, мен учун илм ва таълим соҳаси кўпроқ яқинроқ ва шу соҳага нега кетдингиз деб эмас, мен бу саволга кўпроқ ўз соҳамга қайтдим деб жавоб беришим мумкин. Чунки таълим ва илм соҳаси, хусусан, жиноят ишларини юритуви борасидаги соҳада илмий тадқиқот ишини олиб борган ҳар бир олим менинг назаримда, мазкур илмий унвонни, илмий даражани фақатгина ўзининг шахсий амбицияларини қондириш учун эмас, илм соҳасини ривожлантириш ва олган билимини кейинчалик тарқатиш учун ҳам хизмат қилиши керак. Бу сизга юклатилган муҳим масъулият.

Ҳозирда нималар билан бандсиз?

— Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида кафедра мудири сифатида фаолият юритмоқдаман. Айнан жиноят ишлари бўйича судларни, судьялик кадрларини тайёрлаш, жиноят ишлари бўйича судьяларнинг малакасини ошириш масалалари, шу соҳада таълим билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бандман.

Ҳозир менинг қаршимдаги суҳбатдошим жуда ҳам яхши бир тажрибага эга. У одам, биринчидан, илм соҳаси вакили. Бир муддат Бош прокуратурада ишлади. Ҳозир эса бевосита судьяларга яқинроқ соҳада ишлаяпти. Шундан келиб чиқиб, бир савол бермоқчиман. Бугунги кунда жамиятда судьяларнинг тутган ўрни қандай? Жамиятнинг судга бўлган муносабати қандай? Сиз буни қандай кўряпсиз: кузатувларингиздан хулосалар борми?

— Менинг назаримда, бу саволингиз кенг қамровли. Ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор. Чунки айнан прокуратура соҳасида амалиётда мен учун ҳам катта мактаб, тажриба бўлди. Чунки олим илм билан банд инсон, бирданига амалиёт  соҳасига, кенг қамровли амалиётни кузатишга имконияти бўлиши катта ютуқ. Бу тажрибадан мен албатта фахрланаман. Ҳаёт йўлимдаги катта ютуқ. Шу билан биргаликда назария билан амалиётни ўртасида узилиш борлигини бевосита фаолиятимда кузатишга имкон бўлди. Нима учун?

Бугунги кунда айнан суд-тергов соҳасида илмда, фанда, жиноят-процессуал ҳуқуқи назариясида биз декларация қиладиган жуда катта процессуал институтлар, ғоялар, назариялар мавжуд. Мана шу ғоя ва назарияларни декларация қиламиз, лекин амалиётда ҳамиша ҳам бу институтларнинг тўлиқ таъминланиши, реал ишлашини кузатмаймиз. Чунки ҳозирги кунда афсуски шундай тенденция борки, амалиётдаги муаммолар, амалиётда шаклланган номақбул тенденцияларга қонунчиликни ривожлантириш тенденциясини ёки бевосита илмий ёндашувни мослаштиришга уринишлар бор. Менинг олим сифатидаги фикрим: бу умуман нотўғри ёндашув. Биринчи навбатда, амалиёт илмга қараб интилиши керак. Бунинг акси бўлиши керак эмас. Яъни илм амалиётга қараб эмас, илмга қараб амалиётга интилиб, шу даражага, маррага етишга ҳаракат қилиши керак. Балки бу бугунги кунда мураккабдир, лекин шунга эришишимиз керак.

Олим сифатидаги шахсий тажрибамдан мисол сифатида айтаман. Барчага маълум бўлган қўшимча тергов институти 2007 йилда айнан шу мавзуда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганман. Қўшимча тергов институтидан мутлақо воз кечиш ва унга барҳам бериш керак, деган ғоя билан. Ўша пайтда кўпчилик қарши чиққан: амалиёт ходимлари ҳам, илм вакиллари ҳам. Ўз функциясини бажараётган институтдан воз кечиш, унинг ўрнига нима тавсия қилиш мумкин, ҳеч нарса унинг ўрнини боса олмайди, бу институт амалиёт учун жуда зарур, деган қаттиқ танқидларга учраганман. Лекин шу позициямда қатъий турганман: қўшимча тергов институтидан воз кечиш керак. Бу институт жиноят процессида инсон ҳуқуқлари манфаатларини бузади, уларга путур етказади. Қарангки, 10 йилдан кейин 2017 йилда бу институтдан бутунлай воз кечилди. Эътибор беринг, илмнинг прогнози, ғояси амалиёт учун 5-10 йилда ўзининг рўёбини топяпти.

Бугунги кунда ҳам кўп масалаларда айнан суд амалиётини кузатишга имкониятим бор. Суд амалиётида мавжуд бўлган муаммолар, бўшлиқлар масаласида ҳам бошқа йўлимиз йўқ. Шу соҳада инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган институтларни киритишимиз зарур. Улар ташкилий, идоравий ва бошқа қийинчиликларни олиб келишига қарамасдан бу йўлда барибир шу маррага боришимиз керак.

Бугун жамиятда кўпинча ҳафсаласизлик деймизми ёки судлардан норозиликми, инглиз тилида бир сўз билан disappointment дейилади, шу нарса жуда кўп учраяпти. Суднинг қароридан деярли кўпчилик норози бўлади ёки суднинг у ёки бу ҳаракатига одамлар ўзининг салбий муносабатда бўлади. Бу қаердан келиб чиқяпти?

— Бунга нафақат процессуалист олим ёки ҳуқуқшунос сифатида, балки шу жамиятнинг аъзоси, фуқароси сифатида ўз фикримни билдирмоқчиман. Биз кўпинча судга нисбатан айтганингиздек беписандлик ёки қабул қилган қароридан ҳафсала пир бўлиши кайфиятига тушамиз. Чунки узоқ йиллар давомида суд ҳам мана шу жамиятнинг бир қисми, мураккаб йўлдан ўтган соҳа сифатида унда ҳам кўп хатоликлар, фаолиятини амалга оширишига тўсқинликлар бўлган. Шу шароитда шаклланган суддан биз бугунги кунда бир неча йиллар давомида очиқлашган, шаффоф бўлган очиқ мулоқотда ишлаш режимида бўлган бугунги кундаги жамиятимиз суддан халқаро стандартдаги, хорижий давлатлар даражасидаги мустақил суднинг талабини қўямиз. Лекин унутамизки, бундай талабни қўйишдан аввал суд ана шу талабга жавоб берадиган шароит, омилларни ҳам ўзида намоён қилиши керак.

Бугунги кунда суд қарори чиқишида, ё кўп кузатамиз: резонансли суд жараёнлари. Бу менинг шахсий кузатувим: ҳали суд қарори қабул қилингунига қадар у ҳали муҳокама бўлаётган, ишни мазмунан кўраётган пайтда жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлади. Бу ўз-ўзидан жамоатчиликнинг судга нисбатан босими деб ҳам айтишимиз мумкин. Шу иш юзасидан иш кўраётган судья муайян босим остида ҳам қолади. Лекин биз ўзимизга савол бермаймизки, биз суддан мустақил, бутунлай адолатли ва қонуний қарорни кутяпмизми, судни ана шу юксак позицияда судья эканини, суд қарорини қабул қилаётган, унинг сўзсиз ижро этилиши зарур бўлган ҳужжатни қабул қилаётган даражада ҳурмат қилишимиз керак. Мана шуни унутиб қолдирамиз.

Лекин жамоатчиликда айрим одамларда шундай фикр борки, судьяга айнан жамоатчиликнинг босими бўлмаса, қонуний қарорга эришиш жуда ҳам қийин, деган фикр пайдо бўлган.

— Бу фикрга мен доим ҳам қўшилмайман. Чунки судьянинг бугунги кунда зиммасига юклатилган масъулият ва юкни тўғри амалга ошириш учун ҳозирги кунда судьяларимиз етарли билим, касбий малака ва яхши маънодаги қатъиятга эга. Лекин биз суд қарори қабул қилинишидан аввал ёки энди қабул қилинганда уни янглиш ёки нотўғри деб қабул қилиш кайфияти ўзимиз талаб қилаётган мустақил суд позициясига зид. Яъни биз ҳозир шу жамиятимизда мустақил судни талаб қиляпмизми, ана шу мустақил судни, айнан судьяни. Суд ҳокимияти мустақиллиги, суд ҳокимияти дегани бир мавҳум тушунча эмас. Суд ҳокимиятининг асосий субъекти бу – судья. У Олий суднинг судьяси бўладими, туман судининг судьяси бўладими, ҳар бир судья Ўзбекистон Республикаси номидан қарор чиқаряптими, биз уни ҳурмат қилишимиз керак. Унга сўзсиз итоат қилишимиз керак. Судьянинг ўзи ва қабул қилган қарори қачонки биз учун қадрият бўлса, ана ўшанда биз мустақил суд сари қадам қўйган бўламиз.

Судларнинг мустақиллиги тўғрисида бироз гаплаша бошладик. Суд мустақил бўлиши керак. Буни ҳамма тан олади. Кўпчилик бу фикрга қўшилади. Лекин ана шу мустақилликни таъминловчи омиллар қайсилар? Нима қилса, судлар мустақил бўлади?

— Бу жуда ҳам муҳим, стратегик савол. Чунки ҳозир айтганимиздек, судьядан, суддан хорижий стандартлар даражасидаги мустақилликни талаб қиламиз. Лекин ана шу мустақилликни таъминлаб берувчи омилларимиз етарлими, деган саволга жавоб бермаймиз. Назаримда, бу янги очилган соҳа эмас ёки бу соҳада велосипед ихтиро қилиш зарурати йўқ. Қабул қилинган, эътироф этилган халқаро стандартлар мавжуд. Яъни суднинг, судьянинг мустақиллигини таъминловчи энг муҳим, бир қанча таркибий омиллар мавжуд.

Биринчиси, судьянинг ижтимоий-иқтисодий таъминоти масаласи. Маоши. Яъни халқаро стандартлар даражасидаги ва судьянинг бевосита ўз фаолиятини ҳеч бир нарсадан куйинмасдан, ўйланмасдан амалга ошириш учун имкон яратадиган ойлик маош. Яъни нима ҳақида гапиряпман? Тасаввур қилинг, судья қандай судья бўлишидан қатъи назар: фуқаролик соҳасидами, маъмурий соҳадами ёки жиноят соҳасидами. Айниқса жиноят соҳасида инсон тақдирини ҳал қилаётган судья ишни мазмунан кўраётганида барча шахсий муаммолардан холи бўлиши керак. Уй-рўзғор, маиший масалалар. Яъни бугун олган ойлик маошим эртага менга, фарзандларим таълимини тўлашга ёки уй билан боғлиқ харажатларни таъминлашга етарлими ёки йўқми ва ҳ.к бошқа маиший масала, муаммолар билан боши қотиши керак эмас. Судья буларнинг ҳаммасидан холи бўлиши керак. Бундай холи бўлиш режими қачон бўлади? Қачонки унда халқаро стандартлар даражасидаги ойлик маош бўлса.

Бундан ташқари, ижтимоий таъминот масаласи ва ижтимоий кафолатлар. Ҳозир эътироф этилган муайян ижтимоий кафолатлар пакети. Судьянинг намунали фаолиятни амалга оширишини рағбатлантирувчи имкониятлар, кафолатлар ҳам бўлиши керак. Булар унга рағбат. Яъни судья ҳамиша яхши, тўғри ва намунали ишлашдан манфаатдор бўлиши керак. Бу судьялар рейтинги, судьялар фаолиятига баҳо бериш жараёни шаффофлиги ва инсон омилидан мутлақо холи бўлганлик. Мана шуларни олим сифатида судьянинг, суд ҳокимиятининг таркибий омиллари, кафолатлари деб ҳисоблайман.

Суҳбат давомида Сурайё Раҳмонова суд қарорларини қабул қилинишида юз бераётган ташқи аралашув, судьяга  нисбатан босим, суд ҳокимиятининг жамиятдаги ўрни ҳақидаги мулоҳазаларини билдирган. Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Top