10:44 / 05.12.2020
6108

Ноябр ойида ўзбекистонликларнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича шикоятлари 5 баробар кўпайган

Жорий йилнинг ноябр ойида келиб тушган мурожаатларнинг 90 фоизи уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли, деб хабар бермоқда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ноябр ойининг ўзида республика бўйича 4 693 та мурожаат келиб тушди.

Бу рақам ўтган йилнинг шу даври билан таққосланса, ариза ва шикоятлар сони 2,5 бараварга кўпайгани маълум бўлади (сентябр — 1 787 та, октябр — 1 929 та).

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳолатлар бўйича аниқланган мурожаатларнинг сони 3 544 та, одатдагидан 5 маротаба кўп (сентябр — 1 767 та, октябр — 792 та). 

Таъкидланишича, истеъмолчилар мурожаатларининг асосий қисми кўп қаватли уйларнинг электр энергияси таъминоти, газ ва иситиш тизимлари билан боғлиқ. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефони, веб-сайти ва электрон почтаси орқали кунига 600га яқин сўровлар қабул қилинди. 23 ва 24 ноябр кунлари эса рекорд миқдордаги мурожаатлар сони қайд этилган.
 
Фуқароларнинг мурожаатлари ҳудуд кесимида олинадиган бўлса, биринчи ўрин Тошкент шаҳри, сўнгра Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Тўртинчи ўринда Наманган вилояти турибди, дейилади хабарда.

Top