Жаҳон | 21:27 / 10.12.2020
4530
2 дақиқада ўқилади

Ливаннинг собиқ бош вазирига Байрутдаги портлаш иши бўйича айблов билдирилди

Ливан прокуратураси 4 августда Байрутда юз берган портлашни тергов қилиш давомида Ливаннинг собиқ бош вазири Ҳасан Диаб ва яна 3 нафар собиқ вазирга айбловлар билдирди.  

Фото: Dalati Nohra/Handout via Reuters

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, Диабдан ташқари, Ливаннинг собиқ молия вазири Али Ҳасан Ҳалилга, жамоат ишлари бўйича вазирлар Ғози Зайтар ва Юсеф Фенианосга нисбатан айбловлар илгари сурилган.

Собиқ амалдорлар кўплаб қурбонлар ва вайронгарликларга олиб келган лоқайдликда айбланмоқдалар. Улар 14 декабрга сўроққа чақиртирилганлар. 

“Улар портда хавфли материаллар сақлангани ҳақида бир нечта ёзма ҳисоботлар олишганига қарамай, зарур чораларни кўришмаган. Собиқ бош вазир ва собиқ вазирларга аммоний нитрат сақловчи ўғитларни портдан олиб чиқишда ҳаялламаслик тавсия қилинган, бироқ улар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган”, деб маълум қилган тергов комиссиясидаги манба.  

4 августда Байрут портида 1500 тонна тротил эквивалентига тенг кучли портлаш юз берган. Портлаш зарбаси оқибатида шаҳар ичидаги ва унинг ташқарисидаги минглаб уйлар вайрон бўлган, 200 киши ҳалок бўлган, 6,5 минг киши жароҳат олган, 300 мингдан кўпроқ киши бошпанасиз қолган. Маълумотларга кўра, портлашга портдаги омборлардан бирида бир неча йил давомида сақланиб келган 2,7 минг тоннадан кўпроқ аммиак селитраси алангаланиши сабаб бўлган. 

Портлаш иши бўйича 25 киши, жумладан портнинг ўша вақтдаги директори Ҳасан Крайтам ва божхона хизмати бошлиғи Бадри Доҳир ҳибсга олинган. Терговга бошчилик қилаётган судья Фади Савван фожиага олиб келган лоқайдлик учун собиқ амалдорлар ва куч тузилмалари раҳбарларини жавобгарликка тортишини айтган. 

Ҳасан Диаб Ливан бош вазири лавозимини 2020 йил 21 январдан 22 октябргача эгаллаган. Диаб Байрутдаги портлашдан кейин ҳукуматга қарши бошланган оммавий норозиликлар ортида 10 августда ўз ҳукумати истеъфога чиққанини эълон қилган, бироқ президент Мишел Аун илтимоси билан янги ҳукумат шакллантирилгунгача ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттирган.

Мавзуга оид