Ўзбекистон | 22:45 / 25.12.2020
12290
5 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва бошқа харажатларнинг ўрни тўлиқ қопланмагунича уни бузиш тақиқланди

Президент “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

 Ҳужжатга мувофиқ, Ер кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Эндиликда ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.

Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
  • автомобил ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ва авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика тизими объектларини ва электр узатиш тармоқларини, алоқа тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек қонунларда ва президентнинг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Қайд этилишича, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилишга фақат олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, фойда ва харажатлар баҳоланганидан, шунингдек тегишинча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма билан мажбурий равишда келишилганидан кейин йўл қўйилади.

«Ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг бузилишига турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатиб қўйилганидан, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, кўчириш, юридик, жисмоний шахсларни янги жойлашган ери ёки яшаш жойига, шу жумладан вақтинчалик олинган кўчмас мулк объектига кўчириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойда ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнг рухсат берилади», - дейилади ҳужжатда

Давлат органининг (мансабдор шахснинг) ер участкаси олиб қўйилиши билан боғлиқ қонунга хилоф маъмурий ҳужжати қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрни қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан қопланади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участкаларини олиб қўйишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳолда объект қуриладиган жойни, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шартларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек тегишинча вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олиши шарт. Бундай тарзда олдиндан келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялаштиришга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда объект қуриладиган жойни олдиндан келишиб олиш, шунингдек ер ажратиб беришни расмийлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг мулки бўлган ер участкасини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объекти ёхуд турар жой ҳамда бошқа бино ёки бинонинг бир қисми билан бирга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш кафолатлар таъминланган ҳолда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.

Мавзуга оид