Ўзбекистон | 20:04 / 30.12.2020
15097
2 дақиқада ўқилади

Лисоний таҳлил: президент мурожаатномасида қайси соҳаларга кўпроқ эътибор қаратди?

Президентнинг парламентга мурожаатномасида ёшлар, таълим ва пандемия сўзлари кўп тилга олинган. Нутқнинг 41 фоизи иқтисодиёт ва унинг таркибий ислоҳотларига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари президентнинг парламентга мурожаати бўйича лингвистик ва контент таҳлилни амалга оширишди. 

Маълум бўлишича, Ўзбекистон раҳбари ўз мурожаатномасида жами 3576 хил сўздан фойдаланган. Нутқда энг кўп эътибор қаратилган йўналишлар – ёшлар, таълим ва пандемия бўлган. Мурожаатда ёшлар масаласига 44, таълимга 32, пандемия ва унга боғлиқ масалаларга 25 марта урғу берилган.

Таҳлил натижаларига кўра, нутқдаги 41 фоиз урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир масалалар маърузанинг 28 фоизини қамраб олган. Бундан ташқари, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга тааллуқли масалалар умумий мурожаатнинг 15 фоизини ташкил этган.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, мувозанатли ташқи сиёсатни амалга ошириш каби масалалар нутқнинг 10 фоизини эгаллаган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш эса 6 фоизни ташкил этган.

Мурожаатномада жами 41та соҳа қамраб олинган. Шундан аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишга 7 фоиз, соғлиқни сақлашга 7 фоиз ва инфратузилма йўналишларига 6 фоиз ҳисобда эътибор қаратилган.

Мавзуга оид