17:21 / 01.01.2021
14401

«Ибтидо»дан 700 бетлик китобларгача. Блогерлар — 2020 йилда ўқиган китоблари ҳақида

Ўзбек блогосферасининг бир неча фаоллари 2020 йилда мутолаа қилганлари орасидан ўзларига ёққан китоблар ҳақида маълумот беришди. Асарлар рўйхати ва уларга берилган тавсифлар янги йилдаги мутолаангиз учун асқотса ёки китоб ўқишга мотивация уйғотса ажабмас.

Фируз Аллаев, тадбиркор, Asaxiy.uz интернет дўкони асосчиси, «Allaev Uz» блоги муаллифи:

– Бу йил 50дан ортиқ китобни ўқиб тугатдим. Улар орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатган бўлардим:

«Бахт етказиш», Тони Шей. Миллиард долларлик интернет-дўкон тарихи. (5-марта ўқишим)

XXI асрнинг энг кучли топ менежерларидан бири, тадбиркор Тони Шей китобда бизнес яратиш, уни бошқариш, жамоа шакллантириш, хизмат сифатини яхшилаш бўйича бебаҳо маслаҳатлар беради. Тадбиркор одам қўлига бир дона китоб тутқаз ва у шу заҳоти бизнесини ўзгартира бошласин дейишса, шу китобни берган бўлардим.

«Ибтидо», Ден Браун

Ден Браун ўзининг янги романида сизни гўзал Испанияга саёҳат қилдиради. У ҳар доимгидек сизни бутун китоб давомида босим остида ушлайди, кейинги бетда нима бўларкан деб 700 бетлик китобни 2–3 кунда ўқишингиз мумкин. Китобнинг ёққан томони – жуда кўплаб илмий ва тарихий маълумотларга бойитилган, XXI аср учун муҳим фалсафий саволлар берилган.

«Жавдарзордаги халоскор», Жером Селинжер

Жаҳон адабиёти тарихидаги энг машҳур асарлардан бири бўлган роман ниҳоят ўзбек тилида чиқди. Инсоннинг дунёқараши, ички кечинмалари, уларнинг қайсидир воқелик орқали ўзгариши ҳақида жуда жиддий саволлар қўйган китоб.

Фото: Asaxiy.uz

«Сармоядор», Теодор Драйзер

Китоб воқеалари капитализм, морал ҳақида кўплаб саволларни қўяди.

«Фаренгейт бўйича 451 даража», Рей Бредбери

Aнтиутопия жанрида Оруеллнинг «1984» китобидан кам машҳур бўлмаган роман сизни яшаётган дунёмизга нисбатан турли хил саволларни беришга мажбур қилади. Дунёқарашда ўзгаришларга сабаб бўладиган китоб.

«Бу йил ўзим учун тушунарли бўлмаган сабабдан бадиий китоб жуда кам ўқидим: одатда бадиий асарларга алоҳида вақт ажратардим, илмий ва илмий-оммабоп китобларни эса ишим, илмий фаолиятим доирасида кўриб чиқаверардим. Аммо бу йилнинг ўзи ғалати бўлди, одамларнинг тартибини, одатларини бузиб юборди. Мен ҳам бироз тартибдан чиққаним, одатларимни бузганим ғалати йил учун табиий ҳолат бўлса керак».

Элдар Асанов, тилшунос, «Асанов формати» блоги муаллифи:

«Букри тол», Шукур Холмирзаев

Шукур Холмирзаев ижодий приёмлари билан яхши танишлигимга қарамай, бу асари мени ўйлантириб қўйди, кутилмаган маънолар берди.

Аслида «Букри тол» бугун ҳам кўп учрайдиган ҳолатни кўрсатади: яхши, кўнгли очиқ, самимий одамларни учратасан, лекин кутилмаганда у порахўрлик, таниш-билишчилик, ўғрилик каби иллатларга нормал қарашини тушуниб қоласан. Назаримда, бу бизнинг жамиятда кўп учрайди – коррупцияни оддий қабул қилиш урф бўлиб қолган. Одамлар ёмон бўлгани учун эмас, шунчаки жамиятда шунақа тартиблар ўрнашиб қолгани боис коррупцияга оддий ҳолдай қарай бошлайди. «Букри тол»да мана шу ғайритабиий ҳодиса очиб берилган.

«Айвенго», Вальтер Скотт

Таниқли шотланд романистининг машҳур «Айвенго» романини ўқимаганимни эшитган баъзилар ҳайрон қоларди. Уларнинг фикрича, адабиётга яқин инсон барча классик асарлар билан таниш бўлиши шарт шекилли. Лекин мен негадир шу асарга ҳеч қизиқмаганман. Бу йил уни мутолаа қилишимга сабаб эса уни ўқимай, эшитганимдир. Ҳа, «Айвенго» аудиокитобини эшитдим.

Бу китобдан яхши эстетик завқ олдим. Китоб воқеалари жуда чуқур, икир-чикирига қадар ўйлангани, мантиқий хатолар деярли йўқлиги, тасвир жонлилиги, образлар ёрқинлиги, асосийси, сюжет инглиз тарихи ва мифологияси билан уйғунлаштириб юборилгани менга маъқул келди.

«Российский народ», Валерий Тишков

Тишков Россия антропологиясига конструктивизмни олиб кирган одам ҳисобланади. У биринчи бўлиб рус халқининг келиб чиқишини классик советча этногенетик назариялар ёрдамида эмас, конструктивистик қараш негизида ёритиб берган экан. Китоб жуда катта ва қизиқарли экан. Маза қилиб ўқидим, кўп нарса ўргандим. Ўзбек (ёки Ўзбекистон) халқи ҳақида ҳам мана шунақа монографик изланиш зарур, менимча.

«Уйгурские государства в IX–XII веках», Анатолий Малявкин

VIII асрда Ўрхун дарёси бўйида истиқомат қилган уйғурлар Шарқий Турк хоқонлиги қудратини синдириб, ўз давлатини тузишга муваффақ бўлади. Аммо яғлақар ва эдиз сулолаларининг ўзаро кураши натижасида заифлашган давлатлар қирғизларнинг зарбаларига учраб, парчаланиб кетади. Уйғурлар қирғиндан қочиб, турли тарафларга кўчиб кета бошлайди. Муҳожирларнинг жуда катта қисми Хитой чегарасида тўпланиб қолади. Империя ҳукумати уларни қабул қилиш борасида узоқ ўйлайди; бу орада уйғурларнинг бир қисми Хитойдан воз кечиб, собиқ Ғарбий турк хоқонлиги ерларига – Шарқий Туркистонга кўчади. Шу тариқа, Хитой ва Марказий Осиё харитасининг турли нуқталарида майда уйғур давлатчалари ташкил топади. Уларнинг айримлари тарихда муҳим роль ўйнаса, бошқалари амал-тақал қилиб умргузаронлик қилади. Ана шу қочқинларнинг авлодлари бугун уйғур, ўзбек, сариқ уйғур каби номлар остидаги халқларнинг таркибига сингиб кетган. Минтақа тарихининг кичик бир қисми жуда мароқли қилиб ҳикоя қилинган бу китобни ҳаммага тавсия қилган бўлардим.

«Средняя Азия и Евразийская степь в древности», Игорь Пьянков

Игорь Пьянковнинг кимлигини билмайдиганлар у тафтиш қилган Панжакент ва Ажинатепа археологик объектлари ҳақида энг камида мактаб дарсликларида ўқиган. Ҳа, Ажинатепадан 12 метрлик Будда ҳайкалини топган одамлардан бири бўлади у.

Пьянковнинг тилга олинган китоби олимнинг 60 йиллик тадқиқотларига якун ясайди. У Ўрта Осиёнинг қадимги тарихини археологик, ёзма ва бошқа манбалар асосида ўрганиб, кўплаб муаммоли масалаларда ўз қарашларини, назарияларини ишлаб чиққан. Китобда мана шу назарияларга, уларни асослашга катта эътибор қаратилган. Ўрта Осиё тарихини бошқачароқ ёритишга, хусусан, энг қадимги давлатчилик тафсилотларини тиклашга уринишлар бор. Хуллас, жуда ажойиб, каттакон тадқиқот. 700 бетлик китобларни ўқишга қизиқадиганларга тавсия этилади.

«Making Turkmenistan», Адриен Лин Эдгар

Охирги пайтларда Ғарб академиясида Ўрта Осиё давлатларининг шаклланиш тарихини янги, конструктивистик нуқтайи назардан қайта ёзиш урф бўлмоқда. Марта Брилл Олкоттнинг The Kazakhs, Адиб Холиднинг Making Uzbekistan китоблари мана шу ҳаракат доирасида дунёга келди. Making Turkmenistan шу тадқиқотларни давом эттиради. Унда замонавий Туркманистон давлати ва туркман миллати шаклланиши тасвирланади.

Беҳзод Мамадиев, журналист, «Vashington kundaligi» блоги муаллифи:

«The Rise and Fall of the Third Reich», William L. Shirer

Гитлер Германиясининг пайдо бўлиши ва яксон қилиниши тарихи батафсил баён этилган китоб.

«Homo Deus: A Brief History of Tomorrow», Yuval Noah Harari

Машҳур исроиллик тарихчи Ювал Ҳарарининг келажак ҳақидаги қарашлари.

«Chaos Monkeys: Obscene Fortune and Random Failure in Silicon Valley», Antonio Garcia Martinez

Ўз стартапини Фейсбукка сотган ишбилармоннинг Кремний водийси қандай ишлаши ҳақида ичкаридан туриб берган маълумотлари.

«Romanovs», Simon Sebag Montefiore

Чор Россиясининг сўнгги салтанати – Романовлар сулоласи тарихи.

«Six Months in 1945: From World War to Cold War», Michael Dobbs

Иккинчи жаҳон урушининг тугаши ва Совуқ уруш даври қандай бошлангани ҳақида қизиқарли ва фактларга асосланган китоб.

«The Future is History: How Totalitarianism Reclaimed Russia», Masha Gessen

Демократияга ўтиш имкониятига эга бўлган Россиянинг қандай қилиб Путин даврида тўлиқ тоталитаризмга қайтгани ҳақида.

«The Big Three in Economics» , Mark Skousen

Бу китобда замонавий иқтисодиётда катта из қолдирган уч иқтисодчи – Aдам Смит, Карл Маркс ва Жон Майнард ҳаёти ва илмий қарашлари таҳлил қилинган.

«Flash Points: The Emerging Crisis in Europe», George Friedman

Китобда гўёки жуда яқин ва зиддиятларсиз кўринадиган Европа давлатлари орасида аслида жуда кескин муаммо ва эҳтимолий тўқнашувлар борлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

«A Higher Loyalty: Truth, Lies, and Leadership», James Comey

Федерал қидирув бюроси собиқ директори Жеймс Коми AҚШ президенти Доналд Трамп билан қандай ишлагани ҳақида ёзган мемуар.

«Winners Take All: The Elite Charade of Changing the World», Anand Giridharadas

Дунёнинг бизнес ва сиёсий элитаси қандай ишлаши, улар жиддий ўзгаришлардан манфаатдор эмаслиги, чунки бу ўзгаришлар уларнинг мақомига путур етказиши ҳақида қизиқарли китоб.

Top