21:01 / 02.01.2021
53216

1 январдан бир қатор фаолият турлари учун лицензия олиш тартиби бекор қилинди

Фото: Shutterstock

Президент фармонига асосан, 2021 йил 1 январдан айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби бекор қилинди.

Жумладан, фармацевтика соҳасида (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно):

  • тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш;
  • тиббиёт буюмларини тайёрлаш;
  • тиббиёт буюмларини улгуржи реализация қилиш;
  • доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш каби фаолият турлари учун лицензия олиш тартиби бекор бўлди.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти эса бундан мустасно ҳисобланади. Яъни ушбу маҳсулотларни дорихонада сотиш фаолияти учун лицензия олиш тартиби сақлаб қолинади.

Эндиликда фонограммаларни тайёрлаш, юкларни автомобил транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида, шунингдек, шаҳарлараро ташиш фаолиятлари учун ҳам лицензия олинмайди. Шунингдек, баҳолаш ва аудиторлик фаолиятларини ҳам лицензиялаш тартиби бекор бўлди. Бунинг ўрнига ушбу фаолият билан шуғулланувчиларга малака сертификати бериш тартиби йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, қуйидаги айрим фаолият турлари учун лицензия олиш ўрнига ваколатли органни хабардор қилиш тартибига ўтилмоқда:

  • қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолияти;
  • мактабдан ташқари таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ва чет тилларни ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш каби нодавлат таълим фаолиятлари;
  • ветеринария даволаш-профилактика ишлари;
  • нефт маҳсулотларини (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизел ёнилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефт битуми, шунингдек, техник мойлар ва мойлаш материалларини) реализация қилиш, бундан заводда идишларга қадоқланганлари мустасно;
  • геодезия ва картография фаолияти;
  • ваколатли банклар томонидан нақд хорижий ва (ёки) миллий валютани олиб кириш.

Рухсат бериш хусусиятига эга қуйидаги ҳужжатларни олиш ўрнига ваколатли органни хабардор қилиш тартибига ўтилмоқда:

  • банк филиалини рўйхатга олиш учун рухсатнома;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига киритилгани тўғрисида гувоҳнома.

Маълумот учун, ваколатли органни хабардор қилишда ушбу органга хабарнома жўнатиш кифоя қилади.

Top