Жамият | 20:47 / 07.01.2021
3316
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилмоқда

Судьялар олий кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Кенгаш матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, янги тузилма ташкил этиш ишлари президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади. Клубнинг домий масъул аъзолари кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.

2021 йил 7 январ куни бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида клуб низоми тасдиқланди. Шунингдек, клубга бошқарувчи тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Кенгаш қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди судьяси Хуршид Содиқов Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси этиб тайинланди.

Хуршид Содиқов 1985 йилда туғилган. Ҳуқуқшунос. Фаолияти мобайнида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судида суд мажлиси котиби, бош мутахассис, Олий судда катта маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, Чиноз тумани маъмурий суди раиси вазифаларида ишлаган.

2021 йилдан жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди судьяси сифатида ишлаб келмоқда.