12:54 / 08.01.2021
7116

Эркак педагоглар, хусусий сектор ва бепул овқат. Партиялар фракциялари таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан чиқди

2021 йил 6 январь куни Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Таълим ва тарбия – ёш авлод камолотининг пойдевори ва давлатимиз тараққиётининг кафолати” мавзусида фракциялараро амалий мулоқот ўтказилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Мулоқотда президентнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган таълим тизимидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларининг аъзолари ўз нуқтайи назарини билдирди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари партиянинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш экани, таълим тизимида рақобат муҳити шаклланиши учун хусусий секторга кенг йўл очиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, таълим тизимида давлат хусусий шерикчиликни янада ривожлантириш, ташаббускор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга субсидиялар ажратиш каби таклифлар билдирилди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари таълим ташкилотларида эркак педагоглар салмоғини кенгайтириш ва бу борада уларни қўшимча рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, фракция аъзолари соғломлаштириш мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, ижтимоий кам таъминланган оила фарзандларини бошланғич синфларда бепул овқатлантириш тизимини жорий этиш таклифини ҳам илгари сурди.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари таълим сифатини янада ошириш мақсадида ўқув дарсликлари ҳамда ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаши учун дарсликлар яратиш, бошланғич синфларда давлат таълим стандартлари ўрнига миллий ўқув дастурларини жорий этиш заруратига эътибор қаратди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан ўқитувчи ва муаллимларнинг нуфузи ва мавқейини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди. Шунингдек, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3-6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш, мактабгача таълим ташкилотларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш масалаларини илгари сурди.

Экологик партия фракцияси аъзолари мактаб ўқитувчилари ҳамда ўқувчилари учун очиқ мулоқот қиладиган, фикр алмашадиган, ҳеч қандай рўйхатга олишларсиз маълумот олиш мумкин бўлган ягона портал яратиш таклифини илгари суришди.

Фракциялар ва депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида таълим-тарбия соҳасида қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсияларни давлат дастурига киритиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб олинди, дейилади парламент сайтида. 

Top