12:20 / 19.01.2021
3249

Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфияти индекслари кўтарилмоқда

Ўзбекистонда Иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфияти индекслари 2020 йилнинг ноябр ойида пасайганидан сўнг, декабр ойида бирмунча яхшиланганлигини кўрсатди.

2020 йил декабр ойида иқтисодий фаоллик индекси (ИФИ) 52,7ни ташкил этиб, ноябр ойига (51) нисбатан 1,7 бирликка, ишбилармонлик кайфияти индекси (ИКИ) эса 60,1ни ташкил этиб, (ноябр ойида 57,4) 2,7 бирликка ошган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 2020 йил декабр учун эълон қилинган Иқтисодий фаоллик кўрсаткичи ҳисоботида маълумот берилган.

«Иқтисодий фаоллик индексининг ошиши, хизматлар ҳамда савдо соҳаларида тармоқ иқтисодий фаоллик индексларининг ноябр ойига нисбатан мос равишда 4,7 (51,4дан декабр ойида 56,1гача) ва 5,3 бирликка (52,9дан 58,2гача) ошиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, декабр ойи учун ўтказилган сўров натижалари саноат ва қурилиш соҳаларида иқтисодий фаоллик бирмунча сустлашганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, саноат соҳасида иқтисодий фаоллик индекси 0,8 бирликка ва қурилиш соҳасида 1 бирликка пасайган», – дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, тармоқлар кесимида ишбилармонлик кайфияти индекси қурилиш соҳасида бирмунча пасайган бўлса, саноат, хизматлар ва савдо соҳаларида ошган. Бунда, декабр ойида ишбилармонлик кайфияти индекси ноябр ойига нисбатан қурилиш соҳасида 1,6 бирликка пасайган бўлса, саноат соҳасида 2,3 бирликка, хизматлар соҳасида 5 бирликка, савдо соҳасида 0,7 бирликка ошган.

Саноат соҳасида Иқтисодий фаоллик индекси жорий йилнинг декабр ойида 49,7ни ташкил этиб, ноябр ойига (50,5) нисбатан 0,8 бирликка пасайган.

Бунда, мазкур индекс таркибидаги ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда иш ўринлари сонининг ўзгариши бўйича ҳисобланган индекслар ноябр ойига нисбатан мос равишда 2,8 ва 3,5 бирликка пасайган бўлса, маҳсулотларга буюртмалар ҳамда хомашё захиралари индекслари 0,6 ва 2,4 бирликка ошган. Саноат тармоқлари кесимида, иқтисодий фаоллик индекси озиқ-овқат саноатида ошган бўлса, қурилиш материаллари, текстил, ёғоч, мебел, қоғоз ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатларида пасайган. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши декабр ойида ушбу тармоқ маҳсулотларига мавсумий талабнинг ошиши билан боғлиқ бўлса, қурилиш материаллари, текстил, мебел ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш мавсумий пасайиши билан изоҳланиши мумкин. Шу билан бирга, декабр ойида ишлаб чиқариш ҳажмлари камайганлигини қайд этган респондентларнинг 32 фоизи талабнинг нисбатан пастлигини, 24 фоизи айланма маблағлар танқислигини, 14 фоизи табиий газ, 15 фоизи электр энергияси ва хомaшё таъминоти билан боғлиқ муaммолар мавжудлигини маълум қилган.

Шунингдек, декабр ойи якунлари бўйича ўтказилган сўров натижалари соҳадаги корхоналарнинг молиявий ҳолати ҳамда айланма маблағлар билан таъминланганлик даражаси ҳам яхшиланганлигини кўрсатди. Хусусан, декабр ойида корхоналарнинг молиявий ҳолати ҳамда айланма маблағлар билан таъминланганлик ҳолати индексларининг мос равишда 0,9 ва 0,8 бирликка ошиши кузатилди.

Декабр ойида қурилиш ишлари соҳасидаги иқтисодий фаоллик индекси ноябр ойига (50,4) нисбатан бирмунча пасайган бўлиб, 49,4ни ташкил қилди.

Мазкур ҳолат, декабр ойида қурилиш ишлари ҳажмининг мавсумий секинлашиши натижасида буюртмалар индексининг 47дан 41,7гача камайгани билан изоҳланиши мумкин.

Хизматлар соҳасида иқтисодий фаоллик индексининг ошиши транспорт ва умумий овқатланиш хизматлари соҳаларида индекснинг мос равишда 13,1 ва 8 бирликка ошиши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, декабр ойида хизматлар соҳасида ишбилармонлик кайфияти индекси ноябр ойидаги 62,5дан 67,5гача ошган бўлиб, индекс таркибидаги хизмат кўрсатиш ҳажми индекси 5,6 бирликка, иш ўринлари сони индекси 3,8 бирликка ва хизматларга талаб индекси 5,9 бирликка ошганлиги кузатилди.

Жорий йилнинг декабр ойида савдо соҳасида иқтисодий фаоллик индексининг 52,9дан 58,2гача ёки 5,3 бирликка ошиши кузатилди.

Бунда, маҳсулотлар сотув ҳажми индекси 7,5 бирликка (54,7дан 62,2гача) иш ўринлари сони индекси 3,1 бирликка (51,2дан 54,3гача) яхшиланган бўлиб, мазкур ҳолат декабр ойида савдо соҳасининг мавсумий жадаллашиши билан изоҳланади.

Кўрсаткични аниқлаш учун сўров Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) реал сектор корхоналари билан сўровлар ўтказиш бўйича методологик тавсияларига асосан иқтисодиётнинг саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш ишлари ҳамда савдо соҳаси корхоналари билан ўтказилган.

2020 йилнинг декабр ойи учун ўтказилган сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 696та корхона ва ташкилотлар иштирок этган бўлиб, уларнинг 359таси (51,6 фоизи) саноат соҳасида, 177таси (25,4 фоизи) хизматлар соҳасида, 82таси (11,8 фоизи) савдо соҳасида ҳамда 78таси (11,2 фоизи) қурилиш ишлари соҳасида фаолият юритади.

Top