18:04 / 28.01.2021
16205

Пенсионерларга мажбуран лотерея сотиш мумкинми?

Пенсионерлар лотерея сотиб олишга мажбурми? Уларга пенсия тарқатувчи банк ходимлари пенсионерга нимадир сотишга ҳақлими?

Фото: ТАСС

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги банкда пенсионерларга мажбуран лотерея сотилгани тўғрисида мурожаатни ўрганиб, ҳолат юзасидан банкка сўров хати юборганини маълум қилди.

Фуқаро Э.Н. томонидан агентликка келиб тушган мурожаатга кўра, унга банк ходимлари ижтимоий нафақа пулларига мажбурий тарзда лотерея сотган.

Мурожаатда истеъмолчи банк ходимлари томонидан ижтимоий нафақа пулларига мажбурий тарзда лотерея сотишаётганидан норози бўлиб маҳалла номидан чиқаётганлигини билдирган. 

Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21 моддасига кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги банкка сўров хати юборган. Банк томонидан тақдим этилган жавоб хатида ижтимоий нафақа пулларини тарқатиш вақтида фуқароларга лотерея олиш таклиф қилингани тасдиқланган.

«Халқ банки» матбуот котиби Юнус Бўроновнинг маълум қилишича, «Халқ банки» Гулистон филиали ходими пенсия пулини тарқатиш вақтида фуқаро Э. Н.га икки дона лотерея чиптасини сотиб олишни таклиф қилган. Аммо пенсионер лотерея чипталарини олишни рад этган ва унга пенсия маблағлари тўлиқ тўлаб берилган.

«Ушбу ҳолат бўйича банк ходими Н.О.га меҳнат қонунчилигига асосан интизомий жазо чораси кўрилди. Келгусида бундай хатолар такрорланмаслиги учун банк ходимларига тегишли тушунтиришлар берилди», – дейди банк вакили.

Top