08:33 / 05.02.2021
4509

Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчиларга божхона имтиёзлари берилди

Президентнинг «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида соғлом рақобат муҳитини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
 
Ҳужжатга мувофиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида фаолият юритувчи маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчилар:

  • республикада ишлаб чиқарилмайдиган эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларни қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва унга сервис хизматини кўрсатиш учун импорт қилишда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) озод қилинади;
  • қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва унга сервис хизматини кўрсатиш учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилишда товарлар эркин муомалага (импортга) чиқаришнинг божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 270 кун кечиктириб тўлашига рухсат берилади.

Импорт қилинадиган эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади. Улар юзасидан «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКнинг ижобий хулосаси олинган тақдирда, импорт қилувчи ҳар қандай ташкилотлар рўйхатда кўрсатилган товарларни белгиланган тартибда импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлади. 
 
Импорт қилинган товарлардан мақсадли фойдаланиш учун импорт қилган ташкилотлар раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.

Top