18:05 / 13.02.2021
14751

«Амир Темурнинг энг яхши хусусиятлари Бобурда акс этган» — бобуршунослар даврасида

Заҳириддин Муҳаммад Бобур – умр бўйи ватан соғинчи билан яшаб ўтган шоҳ, истеъдодли шоир, зийрак олим. У нодир шахсияти, 47 йиллик умри давомида босиб ўтган ҳаёт йўли ва қолдирган мероси билан Шарқ халқлари тарихида катта ўрин тутади.

Kun.uz 14 феврал – Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан бобуршунослар билан суҳбат ташкил этди.

«Бобур – адолатли шоҳ эди, у давлат мулки ва шахсий мулкни аралаштириб юбормаган»

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Жавоҳарлал Неру Заҳириддин Муҳаммад Бобур тўғрисида гапирар экан: «Бобур – дилбар шахс», деган эди. Бу бежиз эмас. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб: «Мени тўғрисўз ва одамларга ёқимли қилгин», деган. Мусулмончиликда инсон тўғрисўз ва хуштабиат бўлиши керак. Шу жиҳатдан олганда Неру гапи тўғри бўлади.

Абдумажид Мадраимов

Барча билан муомала қила олиш – аксар давлат арбобларига хос хусусиятлардан. Чунки давлат арбобларини гапирганда уларнинг рабти, забти ва тузуки деган хусусиятларига қаралади. Забти – бирор ерни эгаллаш, рабти – муомала қилиш, тузук эса бошқариш.

Бобур одамлар билан муомала қилишда жуда эътиборли бўлган ва фарзандларига ҳам шундай насиҳатлар қилган. Масалан, Комронга ёзган насиҳат хатида ҳам: «Давлатни бошқармоқчимисан, одамларни доим ёнингга чақириб тур, улар билан яхши муомалада бўл», дейди.

У инсонпарвар етакчи сифатида ҳам ном қолдирган. Хуросондан қайтаётганда, қишнинг изғирин совуғида қолади. Сафдошлари тоғ ёнбағридаги ғорга кириб дам олишни таклиф қилишганда ҳам: «Ҳамма совуқда қолиб мен пана бўлсам, бу инсофданмас», дея рад қилади.

Бобур ва унинг отаси Умаршайх учун адолат юқори ўринда турган. Хусусан, давлат мулки ва шахсий мулкни аралаштириб юбормаган. «Бобурнома»да отасининг шундай бир адолатини айтиб ўтади. Бир карвонни қор босиб, одамлари ўлганда, икки йилча ўша мулкни сақлаб эгаларига берган, дейди.

Заҳириддин Бобурнинг жисмоний томондан бақувватлигига тўхталсак, Самарқанд ҳимоясида икки одамни икки қўлтиғида кўтариб бемалол юрган. Кобулда фитна уюштирилиб жанг бўлганда, бир ўзи беш одамни енгган, жисмоний жиҳатдан ҳам бақувват бўлган. Отаси ҳақида ҳам «Бобурнома»да: «Отам ҳар қандай йигитни бир мушт зарби билан отдан ағдарарди», дейди.

Акром Деҳқон, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

Акром Деҳқон

— Бобур садоқатли одамларни ҳамиша қадрлаган. Ҳатто жангларда ўлдирилган аскарларининг ўғилларига ғамхўрлик қилган. «Бобурнома»да бир неча жойда айтади, фалон йигитим жангда ҳалок бўлган эди, мен ўғлини олиб тарбия қилиб, риоятлар қилдим, деган.

Шу билан бирга, энг ёмон кўргани, қоралагани бу хиёнат, қўрқоқлик ва эҳмол (яъни подшо айтганини вақтида қилмаслик) ҳисобланган.

Бобур ва Ҳиндистон. Ҳинд аслзодалари, ҳукмрон табақа ва маҳаллий халқ билан муносабати

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Амир Темурнинг бир сиёсати бор эдики, қайси томонга юриш қилмоқчи бўлса, ўша ернинг чегара яқинидаги одамлари билан яхши муомалада бўлган. Заҳириддин Бобур ҳам шу сиёсатни ўз фаолиятида қўллаб борган, Ҳиндистонни эгаллашидан аввал, ўша атрофдаги одамларга ўз адолатини кўрсатиб турган.

1525 йилда Деҳли султони Иброҳим Лўди ва қариндоши Давлатхон ўртасида жанжал келиб чиқади. Ва Давлатхон Бобурдан ёрдам олмоқчи бўлади, бу пайтда Бобур анча кучга эга бўлган.

Бундан ташқари, Ражпут ҳукмдори Рано Санга ҳам хат ёзади ва Иброҳим султонга қарши жанг қилишни таклиф қилади. Шунга ишонган Бобур юриш бошлайди ва бу пайтда унинг қўшини 12 минг атрофида бўлган. Кейинчалик улар хиёнат қилиб жанг қилишдан бош тортса-да, оз сонли қўшини билан Иброҳим султонни енгади.

Умуман олганда, Бобур Амир Темурга ўхшаган ҳақиқий сиёсатчи бўлган, темурийлар давлатининг энг яхши анъаналарини Ҳиндистонга олиб борган. «Темур тузуклари»да ҳокимият учун курашда барча сафдошлари билан яккама-якка гаплашгани айтилади. Бобур ҳам Ҳиндистон юришидан аввал шунга амал қилган. Амир Темурнинг энг яхши хусусиятлари Бобурда акс этган.

Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин ҳиндларга ўз ҳурматини кўрсатган. У бу ернинг ҳам табиатини, ҳам одамларини ўрганади. Улар билан яхши бўлишга ҳаракат қилади.

Бобурийлар бир томондан темурийлар давлат бошқарувини олиб келди ва бу давлат тузуми инглизлар келганда ҳам шу асосда давлатни бошқарар эди. Сўнгги ҳукмдор Баҳодиршоҳ Зафар ҳам мусулмон бўлган. Ҳиндистонда кўпгина динлар ва элатлар бўлгани учун уларда бағрикенглик ҳам бўлган, ҳозирда мултикултурализм ҳам дейилади.

Фарзандларига айтган ибратли ўгитлари

Заҳириддин Бобурнинг фарзандларига ёзган насиҳатомуз хатларининг 2таси етиб келган. Шулардан бири ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган жавоб хати ҳисобланади.

Акром Деҳқон, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

— Ўғли Ҳумоюнга ёзган хатида унга хат ёзишда эътиборли бўлиши, баландпарвоз жумлалар қўлламаслиги, бетакаллуф ёзиши кераклигини уқтириб ўтган. Хат ёзишдан мақсадинг нима бўлса, ўшани қисқа, тиниқ қилиб баён қил, дея насиҳат қилади.

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Шунингдек, Комронга ёзган хатида: «Сен Хуросонликлардан эҳтиёт бўлгин, улар яхши гапиради, одамнинг ишончига киришга ҳаракат қилади, лекин уларнинг битта хавфли томони ака ва укани бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди. Соддароқ бўлса ҳам, Мовароуннаҳрдаги Хожа Аҳрор валийнинг шогирдларига кўпроқ ишонгин. Улар соддароқ, лекин жуда ҳам садоқатли бўлади», деб айтади.

«Бобур – хатолардан холи бўлмаган самимий инсон»

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Беайб парвардигор, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг камчилигини, айбини ҳам ёзиб қолдирган. Масалан, Андижонни иккинчи марта эгаллагандан кейин шундай фармон берадики, ким ўз мулкини таниса, қайтариб олаверсин деган. Чунки бундан олдин Бобурнинг душманлари унинг тарафдорларининг мол-мулкини тортиб олган эди. Фармон атай қасд олиш, чегарадан чиқишгача олиб келади. Аскарлар подшо фармонини рўкач қилиб, рақибларининг барча мол-мулкини тортиб ола бошлашган. Бобур бу буйруғи хато бўлганини ва халқни ўзига қарши қилиб қўйганини таъкидлайди. Шу сабаб ҳам Андижонда халқ орасида «Ур Бобур» деган ибора қолиб кетган.

Унинг ўзи тан олган хатоларидан яна бири – Исмоил Сафавий билан бўлган иттифоқи. Шайбонийхон ўлимидан сўнг асирга тушиб қолган опасини қутқариш учун жияни Мирзохонни элчи қилиб юборади ва иттифоқ тузилади. Шиаларнинг кийимини кийиб, Самарқандга кириб борганда, халқнинг ихлоси қайтганини кўради. Ҳолбуки, Самарқандни аввалги эгаллаганларида халқ уни яхши кутиб олганди.

Бобурий ҳукмдорларнинг маданий ҳаётга таъсири

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Мирзо Улуғбек Самарқандда нима қилган бўлса, Заҳириддин Бобур Кобул ва унинг атрофларида шундай ишларни амалга оширган. Исфара деган жойда «Боғи вафо», «Боғи сафо» деган боғларни қилган.

Инглиз тарихчилари бобурийларнинг 6 нафарини буюк бобурий дейишади. Булар – Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Носириддин Муҳаммад Ҳумоюн, Жалолиддин Муҳаммад Акбар, Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир, Шаҳобиддин Муҳаммад Шоҳи Жаҳон ва сулоланинг охирги буюк вакили Аврангзеб Оламгир.

Носириддин Муҳаммад Ҳумоюннинг буюк хизматларидан бири давлатни қайта эгаллагани ҳисобланади. Жалолиддин Муҳаммад Акбарнинг сиёсатда, маданиятда бунёдкорлик ишлари кўп. Фотиҳпур-Сикридан ташқари Аллоҳобод (асли Илоҳобод) деган шаҳарни у қурдирган.

Шаҳобиддин Муҳаммад Шоҳи Жаҳон бунёдкорликка энг кўп эътибор берган ва шу соҳани яхши билган одам бўлган. У Тожмаҳалдан ташқари Деҳли яқинида Қизилқалъа, Шоҳжаҳонобод деган мажмуаларни ҳам қурдирган.

Аврангзеб Оламгир отаси мамлакат хазиналарини жуда ҳам кўп сарфлаб юборгани учун камроқ харжлашга интилган. Лекин унинг ўша вақтда ишланган суратларида кийим-кечаклари шунчалик кўпки, уни ҳамма нарсадан воз кечган одам, дея олмаймиз.

Шундай бўлса-да, у мусулмончиликка кўп этибор берган. «Фатавойи Оламгирий» деган китоб ёзилишида бош бўлган. Аврангзебнинг ўзи Қуръон кўчириб, ундан келган маблағ эвазига яшаган деган гаплар ҳам бор, бу асоссиз эмас.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top