Ўзбекистон | 12:03 / 24.02.2021
5500
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ISO 9001 халқаро стандартининг сифат менежменти сертификатига эга бўлди

Жорий йилнинг 23 феврал куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ISO 9001 халқаро стандарти сифат сертификатини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда «Cert International» халқаро сертификатлаш органи вакили Риод Иброҳимов, жамият бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, бошқарув раиси ўринбосарлари ҳамда «Cert academy» халқаро тренинг компанияси билан ташкил этилган ўқув семинарида иштирок этган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг 15 нафар мутахассиси иштирок этди.

Халқаро сертификатлаш ташкилоти вакили Риод Иброҳимов сертификатни жамият бошқаруви раисига топширар экан, энергетика соҳаси, хусусан, электр энергетика тармоғида стратегик аҳамиятга эга муҳим вазифаларни бажариб келаётган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг келгуси ишларига муваффақият тилади.

ISO 9001 халқаро стандарти бўйича «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг сифат кўрсаткичлари доирасига Ўзбекистоннинг магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш ва уларни ривожлантиришни бошқариш, магистрал электр тармоқлари орқали электр энергияси етказиб бериш ҳамда давлатлараро транзитни амалга ошириш киради.

Эслатиб ўтамиз, ISO 9001 сифат менежменти жамият фаолиятининг халқаро майдондаги ишончли ҳамкор эканини англатувчи белги ҳисобланади.

Халқаро ISO cтандартларини қўллашнинг аҳамияти ва афзалликлари Ўзбекистон электр энергетика тармоғи ривожида, хусусан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг самарали фаолиятида ўз ижобий натижаларини кўрсатади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати

Мавзуга оид