13:50 / 04.03.2021
3231

Ўзбекистонда тиббиёт телеканалини очиш таклиф қилинди

 Бугун, 4 март куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди.

Қўмита йиғилишида ёшларнинг тиббий маданияти сустлиги, никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар бериш сўралди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Эгамберди Эшбоев соғлом ҳаётни тарғиб қиладиган тиббиёт телеканалини очиш таклифи билан чиқди.

«Умримнинг 25 йилини лепрозорий (моховхона)да ўтказдим, моховлар эртадан кечгача телевизор кўради, газета ўқийди. Ҳар бир қарор ва ўзгаришга нажот кўзи билан қараб ётади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон бўйича бор-йўғи 233 нафар мохов қолди. Уларнинг 2 мингдан ортиқ маиший контактлари бор, биз уларнинг ҳар бирини таниймиз, биламиз. Лекин улар орасида никоҳдан кейинги касаллик ва ирсийлик билан боғлиқ муаммоли гаплар йўқ.

Мана ҳозир спорт, болалар, маданият ҳақида телеканаллар бор. Лекин тиббиёт ҳақида канал йўқ. Тиббиёт телеканалини очиш керак. Ёшларимизга тиббиётнинг нима эканини, унинг фойдаларини ўргатайлик. Ёшларимизни тўғри ҳаёт тарзига бошламоқчи эканмиз, бир телеканал очиб соғлом турмушни тарғиб қилайлик. Қанча профессор ва академикларимиз бор, улар келиб маслаҳат беришсин», деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси.

Top