22:58 / 06.03.2021
5997

Франциянинг Лион шаҳрида ўсмир ЙТҲга учраганидан сўнг тартибсизликлар юз берди

Тартибсизликлар 13 ёшли ўсмир ўғирланган скутерда кетаётиб йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оғир жароҳатланганидан кейин содир бўлди.

Фото: Twitter/@JDANDOU

Ўсмир иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг тартибсизликлар содир бўлгани боис Лион шаҳрига 200дан ортиқ полициячи ва жандармлар жўнатилди. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманен маълум қилди.

"Охирги соатларда Лионда юз берган зўравонликлардан сўнг учинчи мобил бўлинмани жўнатишга қарор қилдим. Бугундан бошлаб тартибни сақлаш учун 200дан ортиқ полициячи ва жандармлар жўнатилади", - деб ёзди у твиттерда.

Тартибсизликлар 13 ёшли ўсмир ўғирланган скутерда кетаётиб йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оғир жароҳатланганидан кейин содир бўлди. У оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Маҳаллий аҳоли орасида уни полиция машинаси таъқиб қилиб келиб уриб юборган деган гап-сўзлар тарқалди. Полиция бу воқеага алоқаси йўқлигини, кўчадаги ҳаракатни тартибга солганини билдирди.

Лиондаги Дюшер кварталида полиция билан юз берган тўқнашувлар давомида олтита автомобил ва иккита мотоцикл ёқиб юборилган. Лион яқинидаги Рийе-ла-Пап шаҳрида 30дан ортиқ киши иккита автобус ва 13та енгил машинага ўт қўйган.

Top