Ўзбекистон | 00:39 / 10.03.2021
6978
2 дақиқада ўқилади

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси: Собиқ бош ҳисобчи ўзлаштирган пуллар тўлиқ ундирилди

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг собиқ бош ҳисобчиси талон-торож қилгани айтилаётган 1,2 млрд сўмга яқин маблағ тўлиқ ундирилди. Бу ҳақда жамғарма 9 март куни эълон қилган баёнотда маълум қилинган.

Тошкент вилоятида «Ёшлар келажагимиз» жамғармасининг собиқ бош ҳисобчиси қарийб 1,2 млрд сўмни ўзлаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақида Kun.uz 22 февраль куни хабар берган эди.

Жамғарма хабарига кўра, собиқ бош ҳисобчи ўзлаштирган маблағлар жамғарма томонидан аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган.

«Бугунги кунда мазкур ўзлаштирилган маблағ тўлиқ ундирилди.

Мазкур ҳолатга бефарқ бўлмай, ижтимоий тармоқларда ўз фикр ва мулоҳазаларини билдираётган фаол фуқароларимиз, журналист ва блогерларимизнинг ташкилот фаолиятига оид барча саволларига батафсил жавоб берилишини маълум қиламиз.

Шунингдек, жамиятимиз ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришларда фаол иштирок этиш истагида бўлганлар ҳамда Жамғарма фаолияти давомида ёшларимиз ҳаётида юз берган ўзгаришларни ёритиш истагини билдирган ОАВ вакилларини ҳамкорлик учун таклиф қиламиз!

Ижтимоий тармоқда тарқатилаётган турли фикрлар, ташкилот фаолиятига нисбатан салбий баҳо бериш учун асос бўлмаслиги лозим», – дейилади баёнотда.

Февраль ойида Тошкент вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Арслонбек Тошпўлатов ҳолат юзасидан дастлабки терговни Зангиота туман прокуратураси ўтказаётгани, тергов якуни бўйича ОАВга хабар берилишини айтган.

Мавзуга оид