10:40 / 12.03.2021
4811

Ўзбекистон ва Қирғизистон бизнес-форуми якунлари бўйича қарийб 1 млрд долларлик битимлар имзоланди

Ўзбекистон ва Қирғизистон бизнес-форуми якунлари бўйича умумий қиймати 935,1 млн АҚШ долларига тенг бўлган 291та инвестиция ва савдо битимлари имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йил 11 март куни Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги «Яшнобод» технопарки ҳудудида Ўзбекистон ва Қирғизистон бизнес-форуми ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Ишбилармонлар кенгаши биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирларда икки мамлакат вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Қирғизистон делегациясига бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири У.Кармишаков, Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов раҳбарлик қилди.

Форумда сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма корхоналари сони икки баравар кўпайгани, савдо айланмаси беш баробар ортгани ва пандемия салбий оқибатларига қарамасдан, 2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 фоизга ўсгани таъкидланди.

Томонлар икки мамлакатнинг хусусий бизнес вакиллари ўртасида узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш, ўзбек-қирғиз ишбилармонлари ҳамкорлиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун ишончли платформа сифатида Ишбилармонлар кенгаши тузишни маъқуллади.

Бизнес-форум давомида икки мамлакат Савдо-саноат палаталари, тегишли вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда хусусий сектор вакиллари ҳам сўзга чиқди. Расмий қисмдан сўнг “B2B” шаклидаги икки томонлама учрашувлар сессияси бўлиб ўтди, унда икки мамлакат тадбиркорлари ҳамкорлик истиқболлари ва аниқ лойиҳа таклифларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.

Истиқболли тармоқлар – қишлоқ хўжалиги, минерал ва органик ўғитлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, ипакчилик тармоғи, туризм ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти атрофлича очиб берилди. Шунингдек, бизнес-форум қатнашчиларига ҳар икки мамлакатда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган шароитлар, давлат активларини хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформациялаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспортни рағбатлантириш ва бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Форум якунлари бўйича ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 935,1 млн АҚШ долларига тенг бўлган 291та инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

Top