22:51 / 02.04.2021
5334

«Қонунни ҳамма ҳурмат қилиши шарт»: Руминия соғлиқни сақлаш вазири ниқоб тақмагани учун жаримага тортилди

 У эпидемиологик чораларни бузгани учун жаримага тортилган иккинчи вазир бўлди.

Руминия соғлиқни сақлаш вазири Влад Войкулеску ҳимоя ниқоби тақмагани учун 1500 лей (360 доллар) жарима тўлади, деб ёзмоқда digi24.ro нашри.

Хабар қилинишича, 29 март куни вазирнинг парламент вестибюлида ниқоб тақмаган ҳолатдаги сурати чоп этилган. Журналистлар Войкулескуни қўлида ниқоб ушлаганча бир эркак билан гаплашиб турганини суратга олган. Улар орасидаги масофа 2 метрдан кам бўлган.

 «Шубҳасиз, мен ноҳақ эдим ва барча танқидлар тўғри. Қоидага амал қилиш лозим», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

 У эпидемиологик чораларни бузгани учун жаримага тортилган иккинчи вазир бўлди. Март охирларида жамоат жойида ниқоб тақмаган меҳнат вазири Ралуки Туркан 500 лей (120 доллар) жарима тўлаганди.

 Мамлакат бош вазири Флорин Кицу иккала вазирдан ҳам жарима тўлашларини сўраганини айтди.

«Барча руминлар қонунни ҳурмат қилишлари шарт», — деди у.

2020 йил ноябрда Руминияда коронавирус тарқалиши сабабли жорий этилган чекловлар кучайтирилганди. Мамлакатда соат 22:00дан 5:00гача комендантлик соати амал қилади, ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланган. 

Top