15:30 / 08.04.2021
2824

Бухоро шаҳрида мактаб ўқувчисида коронавирус аниқланди. Мактаб бугундан карантинга ёпилган

Фото: KUN.UZ

Бухоро вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Бухоро шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбарига шаҳардаги 3-умумий ўрта таълим мактабида дарсларни онлайн режимга ўтказиш бўйича тавсия хати юборди.

Унда таъкидланишича, ушбу мактаб ўқувчиларидан бирида коронавирус инфекцияси аниқланган. Касалликка чалинган ўқувчининг акаси ҳам мазкур мактабда таълим олиши маълум қилинган.

«Умумтаълим мактабида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, эпидемиологик занжирни узиб қўйиш, ўқувчиларнинг алоҳидаланишини таъминлаш мақсадида ўқув тизимини махсус кўрсатма бўлганга қадар онлайн режимга ўтказиш таклиф қилинади», — дея таъкидланган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг хатида.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ушбу мактаб бугундан карантинга тўлиқ ёпилиб, дарслар онлайн режимга ўтказилган.

Top