15:00 / 15.04.2021
4711

Халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимида 94 млрд сўмлик молиявий камчилик ва ўзлаштиришлар аниқланган - Антикоррупция агентлиги

Халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимида катта миқдорда молиявий камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қодиров маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Зуҳриддин Қодировнинг сўзларига кўра, вазирлик ва идораларда “комплаенс назорат” тизими жорий этилиши орқали салмоқли натижалар қайд этилди. 26та вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб бориш мақсадида электрон платформа ишлаб чиқилди. Бу орқали уларни мониторинг қилиш имконияти яратилади.

“Халқ таълими тизимида жами 78 млрд сўм молиявий хато ва камчиликлар, ноқонуний ўзлаштиришлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларига йул қўйган 214 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 34 нафар масъул мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган ва 22 млрд сўм бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши олди олинган”, дея таъкидлаб ўтди бошқарма бошлиғи.

Бундан ташқари, олиб борилган ўрганишлар натижасида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Марказий банк ва Молия вазирлигида “Йўл харитаси”да кўзда тутилган ишлар қониқарсиз даражада экани маълум бўлди.

Аввалроқ, халқ таълими соҳасида давлат бюджетининг 42 миллиард сўм маблағи ноқонуний сарфлаб юборилгани, 7,1 миллиард сўм самарасиз давлат харидларига, 2,7 миллиард сўм сифатсиз қурилиш–таъмирлаш, 16,7 миллиард сўм коммунал тўловларга асоссиз ишлатилгани маълум қилинган эди.

Top