Жамият | 16:04 / 20.04.2021
7897
9 дақиқада ўқилади

Пахтасаноат илмий маркази 95 ёшда: Халқаро ҳамкорлик истиқболлари

Ўзининг 95 йиллик байрамини нишонлаётган “Пахтасаноат илмий маркази” тарихи собиқ иттифоқ Бош пахта қўмитасининг 1926 йил 3 сентябрдаги қарори асосида бошланган. Мазкур қарорга кўра, Тошкент шаҳридаги 50-сонли захира заводи илмий муассаса вазифаларига эга бўлган Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига айлантирилган. Пахтани қайта ишлашнинг муаммоларини илмий ёндашувлар асосида ҳал этишга илк бор ушбу тажриба пахта заводида киришилган.

1936 йил 5 апрелда тажриба заводи мамлакат пахта тозалаш соҳасида биринчи ва ягона бўлган “Пахта тозалаш саноати марказий илмий-тадқиқот институти” (“ЦНИИХпром”) га айлантирилган. Ушбу институт республикамизда ва собиқ иттифоқдаги пахта етиштирувчи бошқа республикаларда пахтани дастлабки қайта ишлаш соҳасининг барча масалаларини мувофиқлаштирувчи биринчи илмий ташкилот сифатида мустақиллик йилларигача фаолият юритган, ҳозирги вақтда жорий номи остида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 

Бир асрга яқин вақт давомида илмий даргоҳдан етишиб чиққан 20 га яқин фан докторлари ва 70 дан ошиқ фан номзодлари даражасига эга бўлган олимларимиз томонидан шу вақтгача 6 турдаги қуритиш барабанлари, 9 турдаги пахтани тозалаш машиналари, 8 турдаги ўрта ва ингичка навли пахтадан толани ажратиш машиналари, 3 турдаги тола тозалагичлар, шунингдек, пахтани қабул қилишдаги жараёнлар учун 42 хил асбоб-ускуналар яратилган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида илмий муассаса таркибида янги яратилган пахта селекцияси навларининг йигирувчанлик хоссаларини аниқлаш бўйича йигирув-ишлаб чиқариш лабораторияси ҳам фаолият юритган.      

Ҳозирги вақтда илмий марказ халқаро миқёсда соҳанинг малакали хорижий мутахассислари ва тадқиқотчилари билан тажриба алмашиб, илмий-амалий анжуманларда минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан ўз таклифларини тақдим этиб келмоқда. Сўнгги йилларда илмий муассасанинг Халқаро пахта уюшмаси, Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита, Халқаро пахтани тадқиқ қилиш ассоциацияси, Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғи билан ўзаро ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. 2018-2020 йиллар давомида Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита (ICAC) нинг Кот-д’Ивуар Республикаси ҳамда Aвстралияда бўлиб ўтган ялпи мажлисларида, Тайванда ва АҚШда ташкил этилган илмий анжуманларида ўзбек делегацияси таркибида илмий марказ олимлари ҳам иштирок этдилар.

Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита (ICAC) нинг 77-йиғилиши (Кот-д’Ивуар Республикаси, 2018 й.)

2019 йилнинг 9-11 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита (ICAC) раҳбарлигида Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчиларининг овоз бериш жараёни натижасига кўра,  «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ раҳбари икки йил муддатга Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг раиси этиб сайланди.

Мазкур илмий анжуман доирасида "Пахтасаноат илмий маркази" AЖ га ICAC ижрочи директори Кай Хюз ҳамда қўмитанинг бўлим раҳбарлари Aндрей Гитчунц ва Кешав Крантидан иборат делегация ташриф буюрди. Хорижий меҳмонлар марказнинг илмий арбитраж лабораторияси, стандартлаштириш ва метрология, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бўлимлари, шунингдек, экспериментал лаборатория, малака ошириш ва ахборот-ресурс марказлари билан танишдилар ва юқори баҳо бердилар.

Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг 8-йиғилиши (Тошкент, 2019 й.)
Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита (ICAC) раҳбариятининг “Пахтасаноат илмий марказ” АЖ га ташрифи (Тошкент, 2019 й.)
Ўзбекистон делегациясининг Пахта бўйича халқаро консултатив қўмитанинг Вашингтон шаҳридаги бош қароргоҳи ташрифи 
Пахта бўйича халқаро консултатив қўмитанинг 78-ялпи мажлиси (Aвстралия, 2019 й.)
Пахта толасининг нав-синфини замонавий синов воситалари ёрдамида тезкор аниқлаш жараёни (Тошкент, 2020 й.)

Ҳозирги кунда илмий марказда Германиянинг олим ва мутахассислари билан ҳамкорликда пахта толасининг миллий ранг диаграммасини яратиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Миллий ранг диаграммаси пахта толасининг нав-синфини замонавий синов воситалари ёрдамида тезкор аниқлаш имкониятини беради. Шу мақсадда илмий муассаса таркибидаги лабораторияга Германиянинг Textechno компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Micronaire”-пахтанинг микронейр кўрсаткичини, ингичкалигини ва пишиб етишганлигини, “Fibrotest”-пахта, ипак, синтетик, жун толаларининг узунлигини ва мустаҳкамлигини, “Fibrocolor”-пахта толаси, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар ва тўқимачилик маҳсулотларининг рангини, “Optotest”-пахта толасининг рангини ва оқлилик даражасини аниқлаш ускуналари ўрнатилиб, уларда 18 та сифат кўрсаткичлари бўйича текшириш ўтказиш имконияти яратилди.

Илмий марказ томонидан 2020 йилда Textechno компанияси билан ҳамкорликда ўқув семинар ташкил этилди, Унда компания вакили Кунглер Гунтрам замонавий пахта толасининг сифат кўрсаткичларини ўлчаш тизимлари ва ундан самарали фойдаланиш бўйича назарий ва амалий кўникмаларни бериб ўтди.

Textechno компанияси вакили Кунглер Гунтрам иштирокидаги ўқув семинари жараёни (Тошкент, 2020 й.)

2019-2020 йилларда халқаро ҳамкорлик доирасида пахта-тўқимачилик кластерлари учун ғўзани турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва ҳосил унумдорлигини ошириш масалалари бўйича Ҳиндистоннинг биопрепаратлар ишлаб чиқарувчи компанияси вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. 

Ҳиндистонлик экспертнинг пахта-тўқимачилик кластерлари вакиллари билан учрашуви (Сурхондарё вилояти, 2019 й.)
Ҳиндистонлик эксперт билан дала шароитидаги иш жараёни (Сурхондарё вилояти, 2019 й.)

Пахта-тўқимачилик кластерлари учун жуда долзарб бўлган яна бир масала бу- агротехник тадбирлар доирасида учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, мултиспектрал таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлган технологияларни жорий этишдир. Ҳозирги вақтда илмий марказ томонидан мазкур йўналишда катта тажрибага эга бўлган Исроилнинг IТ- технологияларга ихтисослаштирилган компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинмоқда.

"Пахтасаноат илмий маркази" AЖ қошида фаолият юритиб келаётган “РИМ Устахонаси” МЧЖда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида замонавий СДБ (сонли дастурли бошқарилувчи) дастгоҳлар, шу жумладан Россия Федерациясининг “PERYTONE ENGINEERING” компаниясидан фрезерлаш ва токарлик дастгоҳлари, “UZSTANEX” компаниясидан плазмали металл қирқиш дастгоҳи ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “ERMAK” фирмасидан келтирилган металл листларни букиш дастгоҳлари ишга туширилди. Айни вақтда корхонада Хитой Халқ Республикасининг “HEBEI HANWU GROUP” компанияси билан ҳамкорликда джин-линтер ускуналари учун дисклар, колосниклар, прокладкалар ва ременлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Металга ишлов берувчи замонавий фрезер ЧПУ - VCENTER-P106 
Металга ишлов берувчи замонавий Vturn-40 токарлик дастгоҳи

Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида “РИМ Устахонаси” МЧЖда пахтани дастлабки қайта ишлаш корхоналари эҳтиёжлари учун зарур бўлган мингдан ортиқ эҳтиёт қисмлар ва ўттиздан ортиқ ускуналар ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

"Пахтасаноат илмий маркази" AЖнинг 2021 йил 3 сентябрда нишонланадиган 95 йиллик байрами муносабати билан илмий муассаса томонидан бир қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, юбилей арафасида талабалар, ёш олимлар ҳамда муҳандис-конструкторлик касбини эгаллаган барча мутахассислар ўртасида “Пахтани дастлабки қайта ишлаш соҳасидаги энг яхши ғоя” номинациясида танлов эълон қилиш мўлжалланмоқда.

Бугунги кунда "Пахтасаноат илмий маркази" AЖ турли тармоқлардаги етакчи илмий муассасалар каби ўз ўрнига эга бўлиши учун илм-фан ва технологияларнинг илғор ютуқларини миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини юксалтиришга йўналтириш, халқаро ва хорижий илмий-тадқиқот марказларининг етук олимлари билан қўшма лойиҳалар доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини энг муҳим вазифалар сифатида белгилаган.  

Қулиев Т.М.
“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ
бош директори, т.ф.д.

Илмий марказ матбуот хизмати

Мавзуга оид