10:36 / 03.05.2021
23738

Ислоҳот формуласи. Тузалишга енг шимарган мамлакат учун биринчи навбатда нималар муҳим?

Ислоҳот истовчи мамлакатлар учун тайёр тажрибалар бор. Лекин бу билимлар тўғри қўлланмаса, ислоҳотларга қарши бўлувчилар турли баҳоналар билан ислоҳотларни номаълум муддатга ортга суриб юбориши, вақт бой берилиши, яна бир авлод умри зое кетиши мумкин.

Фото: Иллюстрация/БМТ ТД

Аввалида ночор аҳволда бўлган баъзи давлатлар қандай қилиб ишларини ўнглаб, қисқа даврда (20-30 йил ичида) энг кучли давлатлар қаторига қўшилиб олишади?  

Бир қарашда бу саволга жавоб бериш учун улар амалга оширган кўплаб ислоҳотларни, узундан узун тафсилотларни санаб ўтиш керак. Бироқ, бошқа йўл ҳам бор – бир неча асосий омилни тилга олиш билан самарали ислоҳотлар сирини англаб олиш, муваффақият формуласини кўз олдига келтириш мумкин.

Аввало шуни айтиш керакки, муваффақиятли ислоҳотларда тўғри тадриж – қилиниши керак бўлган ишларнинг тўғри кетма-кетлиги бўлади.

Ҳатто оддий ишларда тўғри бирин-кетинлик бўлмаса ишлар чапараста бўлиб кетишини биламиз. Дейлик, уй қураётганда тўғри кетма-кетлик бўлмаса, уй эмас – алламбало нарса қуриб қўйилади. Бу ерда эса мамлакат ислоҳидек улкан жараён!

Яқин тарих муваффақиятсиз ислоҳотлар билан бирга муваффақиятли ислоҳотларнинг ҳам гувоҳи бўлди. Булар эса ислоҳот истовчи мамлакатлар учун тайёр андазаларни юзага келтирди. Бироқ энг муҳими, ўша – яхши натижа берган ислоҳотлар иқтисодий самарага омил бўлувчи илмий асосланган иқтисодий қонуниятларни, тамойилларни ишлаб чиқишга ёрдам берди.

Бошқача айтганда, ислоҳотлар йўлига эндигина тушаётган мамлакатлар учун тажрибадан ўтган иқтисодий билимлар шаклланган – олиш ва қўллаш керак, холос. Тўғри, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос жиҳатлари бор ва уларни инобатга олиш керак, бироқ бу ерда гап ҳамма учун умумий бўлган иқтисодий қонуниятлар ҳақида боряпти.

Шу ерда тўхтаб, бир жиҳатни айтиш керак бўлади, зеро у биз тепада айтган ҳақиқатдан келиб чиқади. Гап шундаки...

Ислоҳотлар тарафдорлари ислоҳотлар айнан тизимли равишда, тўғри бирин-кетинликда олиб борилишини ёқлашади, ислоҳотларга тўсқинлик қилмоқчи бўлганлар эса аксинча – уларда тизим ва тадриж йўқолишини исташади, муҳим ишлардан оммани чалғитиб, шу топда муҳим бўлмаган масалаларни ўртага ташлашади. Буни англашимиз керак, токи ислоҳотларнинг дўстидан душманини ажратиб олишимиз лозим. Бу «ажина ови» эмас, бу воқеликни тўғри англаш учун керак.    

Тизимсизлик уринишларни зое қилади, ислоҳотларни мутлақо издан чиқаради.      

Барча эътиборни энг долзарб – энг оғир муаммоларга қаратиш ислоҳотлар муваффақиятининг шаксиз шартларидан биридир. Бу ҳам ўша тизимлиликнинг бир жиҳати. Яъни ислоҳотлар йўлининг бошида турган ҳар бир мамлакат – жамият ўзи учун энг муҳим, биринчи навбатда қилиниши керак бўлган ишларни белгилаб олиши ва кейин ўзи белгилаганига қатъий амал қилиши керак.

Хўш, барча соҳалари ислоҳга муҳтож бўлган, тузалишга енг шимарган мамлакат учун биринчи навбатда нима муҳим? Бу ҳақда кўп гапирса бўлади, китоблар ҳам ёзилган, аммо биз моҳиятан муҳим бўлган баъзи нарсаларнигина тилга олиш билан чекланамиз.

Муаммоларга ботиб қолган миллат ботқоғидан чиқиб олиши учун аввало муаммолари кўламини англаши керак. Айтмасангиз ҳам, тушунарли-ку бу, дерсиз? Шошилманг – муаммолар кўламини англаш оддий иш эмас! Нега?

Таъбир жоиз бўлса, йиғиштирилмаган, тўзиб ётган хонада бир муддат яшаган одам учун хонанинг тўзиб ётгани билинмай қолади, зеро, тартибсизлик дунёқарашининг ажралмас қисмига айланади. Шу боис, мамлакати шунақа «тўзиган хона»га айланган миллат муаммолари кўламини англаши учун яхшигина уриниши керак.

Ва бунинг ҳам шартлари бор.

Шарт шуки, ислоҳот тарафдорлари ислоҳотга қарши турганлар (эски ҳолатдан манфаатдор бўлганлар) устидан ғолиб келишлари керак... Нима дегани бу?

Ҳар бир миллатнинг ойдинлари – юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, ҳамда воқеликни англаш соҳасида пешқадам бўлган тоифа бўлади. Улар турли соҳа вакиллари бўлиши мумкин, аммо уларни ўша жиҳат бирлаштиради – қалбларида юрт ғами борлиги ва воқеликни яхши англаш истеъдоди. Ойдинлар халққа воқеликни тўғри англаш, муаммолар кўламини ҳис этишга ёрдамлашувчи ягона тоифа. Айнан улар ислоҳотларни чалкаш-чулкаш қилиб юборишга уринадиган тоифага қарши туришлари мумкин.

Янада тушунарли бўлиши учун мисол келтираман. Остидаги ери шиддат билан кўчиб, жар ёқасига яқин келиб қолган уйда яшовчи оила аввало нима қилиши керак? Жавоб шуки, барча ҳаракатлар оила аъзоларининг аввало ҳаётини, у таъмин этилса саломатлигини, у ҳам таъмин этилишига ишонч бўлсагина уй ичидаги мулкни сақлаб қолишга қаратилиши керак. Яъни ҳаётни сақлаб қолиш учун керак бўлса соғликдан, ҳаёт ва соғликни сақлаб қолиш учун керак бўлса мулкдан воз кечиш керак бўлади ва ҳоказо.  

Биз хаёлимизда тузган манзарада нима қадрлироқ экани аниқ кўриниб турибди, чунки... мисол оддий.

Бутун бошли миллатнинг ишлари инқирозга юз тутса, чорак аср давомида ишлар нотўғри йўлга қўйилгани сабаб ақлий захираси дунёга тарқаб кетган ва тарқаб кетаётган бўлса, оқибатда миллат ўз эртасини башорат эта олмай қолса, буни ўша жар ёқасига келиб қолган мажозий оила аҳволига бемалол ўхшатсак бўлади. Фақат бу мисол... оддий эмас.

Айнан ҳолатнинг оддий эмаслигидан – мураккаблигидан фойдаланиб ислоҳотларга қарши турувчилар энг қадрли нарсаларнинг ўрнини иккиламчи нарсалар билан алмаштиришнинг уддасидан чиқишади, биринчи қилиниши керак бўлган ишлардан оммани чалғитиб, кейинроқ қилиниши керак бўлган нарсаларни олдинга ўтказадилар. Улар мазкур «вазифа»ни эпласалар, ишонингки, ислоҳот бир қадам ҳам одимламайди! Чунки бунда ишларда тизимлилик йўқолади.

Ҳар бир муваффақиятли ислоҳотлар замирида иқтисодиёт фани тасдиқлаган қонуниятларга маълум миқдорда амал қилиш ётади. Муваффақиятсизликка учраган ислоҳотларнинг тагида эса ўша қонуниятлардан кўп миқдорда четланиш ётади. Буни эса асосан ўша – ислоҳотларни хоҳламаган тоифанинг ҳаракатлари таъминлайди – улар оммани ҳам, қарор қабул қилувчиларни ҳам асосий ишлардан муттасил чалғитиш билан шуғулланади.

Бунда ислоҳотнинг бош ўқига ҳамла қилинади. Нима у – бош ўқ?

Ҳар бир ислоҳот шаксиз халқнинг қўли билан амалга ошади. Бироқ бунинг учун халқ ислоҳотларни тушуниши ва қабул қилиши керак. Айнан шуни бош ўқ десак бўлади. Тизимсизлик эса халқнинг хаёлини паришон қилади, халқ нима бўлаётганини тушунмай қолади. Буни билган ислоҳот душманлари имкон қадар ислоҳотларни тизимсизликка дучор қилишга уринадилар.

Кўпинча ислоҳотлар тўғри йўналишда бошланади, бироқ...

Бозор муносабатларини жорий қилишга уриниш, иқтисодий номувофиқликлардан воз кечишни бошлаш, ислоҳот ишларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, халқни бу ишда асосий ҳамкор қилиб олиш ва ҳоказолар кўпчилик ислоҳотларнинг аввалига эш бўлади. Бироқ кейинчалик ўртага ислоҳотларга қарши бўлган тоифа киради ва «бозор муносабатларига тўлиқ ўтишга ҳали эрта, ҳали тайёр эмасмиз», «монопол корхоналарни ҳимоя қилмасак улар рақобатга бардош бермайди – ёпилиб кетади», «кучишлатар идораларда ҳали ҳам кўплаб инсон ҳуқуқини поймол қилишга ўрганиб қолган ходимлар ишлаётган бўлса-да, уларни янгилашга ҳали эрта», «қишлоқ хўжалик ерларини оилаларга бўлиб бериб бўлмайди – эплай олишмайди» каби иддаоларни олдинга суришади. Бу билан улар ислоҳотларни номаълум муддатга ортга суриб юборишади. Вақт бой берилади, умрлар зомин бўлади.

Хуллас, яқин тарихда юз берган, муваффақиятсизликка юз тутган кўплаб ислоҳотларнинг тагида айнан шуларнинг – режа бузувчиларнинг «ғалабаси» ётади. Мақсадга етиш учун булар, масалан, таниқли шахслардан, партия бошлиқларидан, соҳа «мутахассис»ларидан, баъзида эса нуфузли масъул шахслардан фойдаланишади – ҳозирда долзарб бўлмаган, жамоатчиликнинг кўпроқ эҳтиросига сабаб бўлувчи мавзу ва луқмаларни уларнинг тили билан овозлаштиришади. Натижада ислоҳотчи билан ислоҳот манбаси бўлган халқнинг ўртаси бузилади ва бу иккисининг орасидаги масофа тобора узоқлашиб бораверади.

Буни ҳалиги мисолимиздаги – уйи жар ёқасига келиб қолган оилага татбиқ қиладиган бўлсак, бунда оила зудлик билан ҳаётини сақлаб қолиш чорасини кўриш ўрнига, уйдаги қайси нарсани олиб чиқиш кераклиги ҳақида баҳслашиб ўтиришига ўхшайди. Мана шунақа аҳволга солади жамиятни бузғунчи, ўзгаришларга қарши бўлган тоифа.   

Шу маънода назаримизни Ўзбекистонга қаратадиган бўлсак, ҳозир энг долзарб масала бу аввало аслга қайтиш – омма кайфиятини ислоҳотлар бошланган пайтдаги қайфиятига – кўтаринкиликка қайтариш. Зеро, омманинг кўтаринки руҳисиз ислоҳот юрмайди. Бу эса хаёлан ортга қайтиш, бу орада ислоҳотларга қарши бўлганлар нималарга «эришгани»ни чамалаб кўришни тақозо этади...     

Масалан...  

Япония иқтисодий «мўъжизаси»ни ўрганадиган бўлсак, бу ерда анчайин тизимлиликни кўрамиз. Бироқ энг муҳими – Япония «мўъжизаси» япон халқининг ИШОНЧИ устига қурилган. Ҳар бир қилинган ҳаракат халқнинг истак-иродаси билан ҳамнафас бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Бу эса ислоҳотлар муваффақиятини таъминлаб берган.

Яна бир эътиборли жиҳат – ислоҳотлар даврида бу мамлакатда ислоҳот душманларига деярли имкон қолдирилмаган. Қандай қилиб? Шу савол муҳим ҳозир биз учун.

Ислоҳотлар даврида Японияда баландпарвоз шиорлар ман қилинди. Асосий деб эътироф этилган ишлардан эътиборни олиб қочувчи мавзуларни кўтариш душманлик белгиси деб эътироф этилди. Ҳар бир соҳада олиб борилган ислоҳотлар асосий мақсадга хизмат қилди.

Биринчи босқичдаёқ халқнинг ҳаётини ёмонлаштирган нарсаларга барҳам берилди. Хусусан, катта концернлар акцияларини қўлида жамлаб турган ҳолдинглар (дзайбацулар) тарқатиб юборилди. Рақобат муҳитида шаклланмаган барча ўта йирик компаниялар кичик компанияларга бўлиниб, акциялари эркин савдога қўйилди.

Антимонопол қонунчилик шакллантирилиб, бир соҳада ишлаётган корхоналарнинг ўзаро келишувлари (картел келишувлари), бозорда бировни камситиш (дискриминация қилиш), монопол тузилмаларни яратиш қатъиян ман қилинди. Савдо шартномалари қатъий ҳуқуқий ҳимоя билан таъминланди.

Давлат бой зодагонларнинг ерларини улардан сотиб олиб, деҳқонларга сота бошлади. Аввал деҳқонлар ерни ўша зодагонлардан ижарага олишарди, энди ўз ерларига эга бўлишди. Натижада мустақил деҳқонлар синфи юзага келди, феодализмга (деҳқонларни эксплуатация қилишга қурилган тузумга) барҳам берилди.

Бундай ислоҳот шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожланишига, кучли деҳқонлар синфи юзага келгани сабаб ички бозорнинг кенгайишига, бу эса кейинги индустриализация учун замин яралишига хизмат қилди.

Бюджет ислоҳотига мувофиқ зарарга ишлаётган корхоналарга субсидиялар беришдан воз кечилди.

Кўриб турибмизки, барча ҳаракатлар соғлом рақобат муҳитини яратишга қаратилди, ҳеч кимга алоҳида имтиёз, алоҳида мавқе берилмади. Бу эса халқ, давлат – ҳамманинг бир мушт бўлиб ҳаракат қилишига омил бўлди ва оламшумул натижаларга олиб келди. Ишлар адолат билан юритилаётганини ҳамма кўриб турди. Оммада заррача норозилик пайдо бўлганда ишлар дарров қайта кўрилиб, хатолар зудлик билан тузатилди.

Бунақа – шаффоф шароитда, табиийки, ислоҳотга қарши бўлган тоифа учун ҳеч қандай имкон йўқ эди. Давлат тизими, ислоҳотлар – ҳаммаси гўё ойна орти каби кўриниб турарди.

Япония «мўъжизаси»га бош омил бўлган нарсалардан бири бу японларнинг жамоавийлик, яъни шахсий манфаатдан кўра жамоа манфаатини кўпроқ ўйлаш, жойи келса жамоа манфаатлари олдида бош эгиш хусусиятидир.

Сиз сўрашингиз мумкин: «Осиё халқларининг аксарига жамоавийлик хос, фақат японларга эмас, нега унда бошқалар япон ёки корейслардек иқтисодий муваффақиятга эришишмади?»

Бу саволга жавоб оддий: жамоавийлик фақат шаффофлик, адолат муҳитида самара келтиради. Айнан шундай муҳитда жамоавийлик ўта сифатли мотор каби мамлакатни олдинга суради. Масалан, қонунлар баъзиларга шиддатли ишласа-ю, бошқаларга «кўз юмса», унда халқнинг жамоавийлик хусусияти фойда келтирмайди. Қайтага зарарга ишлайди. Зеро, бундай муҳитда аксинча – индивидуаллик (шахсий манфаатни жамоавий манфаатдан устун билиш) вазиятни ислоҳ қилишга кўпроқ хизмат қилади. Жамоавийликка мойил бўлган халқ эса бу ҳолатда «жамоа бўлиб» инқирозга юз тутади...

Бошқача тушунтирадиган бўлсак, Японияда Сардоба каби сув омбори ўпирилиб кетса, уни қурганлар одил суд олдида, халқнинг кўзига қараб албатта жавоб беради. Шундай қилинмаса, Япония амалга оширган барча ислоҳотларнинг пойдеворига зарба берилган бўлади, ишонч билан суғорилган машаққатли меҳнат маҳсули заволга учрайди.  

Хулоса ўрнида               

Муваффақиятли ислоҳотлар ҳақида, юқорида айтилганидек, китоблар ёзилган. Биз эса фақат уларга бироз тикилиб, сирларини тушунишга уриндик ҳамда ислоҳотларга душманлик қиладиган тоифанинг «излари»ни тадқиқ қилдик. Мавжуд ҳолатимизга доир баъзи хулосаларга яқинлашдик.

Муваффақиятли ислоҳотларнинг формуласи бор. Формуланинг баъзи белгилари ўрин алмашиши мумкин, бироқ асосий тамойиллари – ўзгармас. Улардан четга чиқилса, орага ислоҳотлар душманлари киради – уринишларни ҳавога учириб, бир авлоднинг умрини зое қилади.

Шокир Шарипов

Top