15:50 / 17.05.2021
3385

Ўзбекистон туманида сув ортидан бир-бирларини тошбўрон қилган шахслар ушланди

Фотолар Тергов департаменти

Ўзбекистон тумани Бўстон қишлоғида икки нафар шахс сув учун талашиб, танишларини тошбўрон қилди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, 9 май куни соат 21:00 ларда 25 ёшли Р.Ш. ва 24 ёшли С.А. Ўзбекистон тумани Бўстон қишлоғи ҳудудидаги боғ майдонида танишлари 22 ёшли Ю.М. ва 36 ёшли Қ.Б. боққа сув қуйиб юрганини кўриб, уларнинг олдига келган. Ўртада сув туфайли жанжал келиб чиққан. Жанжал вақтида фуқаролар Р.Ш. ва С.А., бошқа бир фуқаролар Ю.М. ҳамда Қ.Б.ларни ерда ётган тош бўлаклари билан тошбўрон қилган. Оқибатда улар бир-бирига турли даражада жароҳатлар етказган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, жанжал вақтида Р.Ш. Ю.М.нинг юзига бир маротаба ургани учун Ю.М. ва Қ.Б. жанжал жойига телефон орқали қариндошларини чақираётганини Р.Ш. ва С.А. эшитиб қолган. Сўнг уларни тошбўрон қилгани аниқланган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида Ю.М. ва Қ.Б. «ҳаёт учун хавфли бўлган оғир турдаги жароҳатлар» олгани кўрсатилган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қўқондаги оилавий корхона омборидан 46 миллион сўмдан ортиқ мол-мулкларни ўғирлаган шахс қўлга олинганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Top