Спорт | 20:04 / 22.05.2021
24326
4 дақиқада ўқилади

Спорт вазирлиги БЎСМ директорларини ёппасига ишдан бўшатмоқчи. Бу қонунга зид

Янги ташкил этилган Туризм ва спорт вазирлиги тизимдаги болалар-ўсмирлар спорт мактаблари директорларига меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборган. Вазирлик расмийлари ташкилотнинг бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмаслиги ҳақидаги қонун талабидан бехабар кўринади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган эди. Янги вазирлик ўз тасарруфига кирувчи республикадаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорларига меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборган.

Kun.uz ҳолат бўйича суриштирув олиб бориб, бир неча мактаб директорлари билан суҳбатлашди.

Таҳририятга мурожаат қилган Aндижон вилоятидаги спорт мактаби директорининг айтишича, огоҳлантириш хатларига мажбурий имзо қўйдиришяпти. Ваҳоланки, спорт мактаблари тугатилгани йўқ. Улар ўз иш фаолиятини олиб бормоқда.

«Бир қанча муддат олдин менга 2 ойда ишдан бўшаш тўғрисида огоҳлантириш хати келди. Кейин билсам, бундай хат республикадаги барча спорт мактаблари директорларига келаётган экан.

Шунча йиллик иш тажрибамиз бор. Кейин, бу мактаблар тугатилгани йўқ. Иш фаолиятини олиб боряпти. Шунча одам ишсиз қоладими энди?» – дейди огоҳлантириш хати олган спорт мактаби директорларидан бири.

Хатга эътибор қаратилса, спорт мактаблари директорларига улар билан тузилган меҳнат шартномасининг Меҳнат кодекси 100-модда 2-қисм 6-бандига асосан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.

МКнинг 100-модда 2-қисм 6-бандига кўра, мулкдор алмашгандагина меҳнат шартномаси бекор қилиниши кўрсатилган.

Демак, олдинги икки вазирлик негизида тузилган Туризм ва спорт вазирлиги ўз огоҳлантириш хатини мулкдорнинг алмашгани сабабли спорт мактаби директорларига юбормоқда.

Туризм ва спорт вазирининг матбуот котиби Лола Раҳманбаеванинг изоҳлашича, президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги 5054-сон қарори билан Туризм ва спорт вазирлигининг ташкилий тузилмаси, марказий аппарати ва ҳудудий ташкилотлари тузилмаси тасдиқланган, шу муносабат билан муайян лавозимларда ишловчи ходимлар билан меҳнат муносабатларида ўзгаришлар юз бермоқда.

Аммо айнан мактаб директорларининг меҳнат шартномалари бекор қилиниши бўйича савол очиқ қолмоқда.

Энди табиий савол туғилади: Бу ҳолатда ҳақиқатан ҳам мулкдор (иш берувчи) алмашдими?

Янги вазирлик тузиш ҳақидаги президент фармонида Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланган.

Фармонга кўра, Туризм ва спорт вазирлиги олдинги икки вазирликка ҳуқуқий ворис ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 98-моддаси 3-қисмига кўра, корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмайди.

Aйни вақтда республикада 250 та спорт мактаби бор. Вазирлик нега айнан спорт мактаби директорларини ишдан бўшатмоқчи бўлаётгани ва улар қандай иш билан таъминланиши ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

Бу ўринда ходимларнинг маошидан камида 1 фоизини олиб, бунинг эвазига уларни ҳимоя қилишни зиммасига олган касаба уюшмалари ташкилоти қонунда белгиланган функцияларини амалга оширишга киришсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мавзуга яна қайтамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид