22:39 / 29.05.2021
34842

3,6 млрд долларга қурилаётган Uzbekistan GTL заводи қачон ишга тушиши маълум қилинди

Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг (21 млрд доллар) 2,3 млрд доллари Uzbekistan GTL заводи қурилишига йўналтирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 3,6 млрд долларни ташкил этади.

Албатта, бундай йирик маблағ ва катта ресурс сарфланаётган мажмуа қачон иш бошлаши, энергетика саноати ривожига қай даражада хизмат қилиши жамоатчилик эътиборидаги масалалардан.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродованинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда лойиҳалаштириш жараёни тўлиқ якунланган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари 92 фоизга бажарилди.

«Қурилиш ишларини декабр ойида якунлаш, жорий йилнинг июл ойига бориб маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган. Ҳозирда объектда 8 мингга яқин ишчи-муҳандис, 522та махсус техника ишламоқда.

2021 йил январда хом сувни қайта ишлаш қурилмалари — минералсиз сув ишлаб чиқариш ҳамда ёнғин ўчирув сув тизими қисми ишга тушди. Феврал ойида «Машъала» тизими ва буғ қозонлари фойдаланишга топширилди. Март ойидан заводга ёнилғи гази қабул қилиш бошланди. Шунингдек, апрел ойида сувни совитиш қурилмаси (градирня) ишга туширилди», деди вазирлик вакили.

Қайд этилишича, завод тўлиқ ишга тушса, йилига 3,6 млрд куб метр газ қайта ишланиб, ундан 1,5 млн тонна синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, 307,3 минг тонна авиакеросин, 724,6 минг тонна дизел ёнилғиси, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши режа қилинган.

«Завод иш бошласа, 1 минг 321та янги иш ўрни яратилади. Йилига 7,8 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Давлат бюджетига 1,5 трлн сўм солиқ тўланади. Лойиҳа натижасида табиий газ чуқур қайта ишланади, углеводородлар импорти камаяди, юқори сифатли ва экологик тоза ёқилғи учун ички талаб қониқтирилади», дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, майдони 135 гектарни ташкил этувчи завод Қашқадарё вилоятида қурилмоқда. Лойиҳа пудратчилари «Hyundai Engineering Co. Ltd», «Hyundai Engineering and Construction Co, Ltd» (Корея) ва «Enter Engineering Pte. Ltd». (Сингапур) ҳисобланади. Завод табиий газ (тозаланган метан)ни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, маҳсулот «Шўртангаз» конлари гуруҳидан қазиб чиқарилиб, Шўртан газ-кимё мажмуасидан етказиб берилади. Завод маҳсулотларидан транспорт, қишлоқ хўжалиги, авиация ҳамда нефт ва кимё саноатида фойдаланиш режалаштирилган.

Маҳсулот асосан Ўзбекистонда сотилади. Айтилишича, лойиҳа тугалланиб, синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш бошланиши билан йилига тахминан 1 млрд долларлик углеводород импорти ўрнини босиш имкони яратилади.

Top