07:55 / 19.06.2021
38821

Наманганда ҳокимлик биноси олдига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро 10 суткага қамалди

Наманганда ҳокимлик биноси олдига қўйларни етаклаб келган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йил 18 июн куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида туман ҳокимлиги биноси олдига қўйларни олиб келган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 104-моддаси 1-қисми, 161-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Маълум қилинишича, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдоридаги жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси 1-қисми ва 161-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдоридаги жарима жазоси, кодекснинг 183-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.

Маълумот учун, бир неча кун аввал «Mubosher Laziz Azizbek fayz» МЧЖга тегишли бўлган қўйлар Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинганди.

Маълум бўлишича, туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун ер ажратилмагани сабабли чўпонлар шундай қарорга келишган.

Аввалроқ, Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 1,5 мингга яқин қўй суруви ҳайдаб келиниши ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарганди.

Top