10:48 / 25.06.2021
13597

Депутат Акмал Саидов бошқа лавозимда ҳам ишлаши савол туғдирди. Миллий марказ у маош олмай ишлашини билдирди

Rost24.uz сайти Акмал Саидовнинг бир вақтнинг ўзида ҳам депутат ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори сифатида ишлаб келаётганига эътибор қаратди.

Маълумки, Акмал Саидов айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, у айни вақтнинг ўзида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ҳам ҳисобланади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, депутат Қонунчилик палатасида доимий асосда ишлаши лозим ҳамда ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорлиги эса президент қарорига кўра ҳақ тўланадиган лавозим ҳисобланади.

Марказ ходимларининг меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядларига кўра марказ директори 19-разряд бўйича ҳақ олиши керак.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида низомда Марказ директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирга тенглаштирилиши белгиланган.

Мазкур ҳолатда Қонунчилик палатаси депутатининг ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишига қўйилган тақиқ бузилгани эҳтимоли бўйича савол туғилади.

Kun.uz ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Миллий марказга мурожаат қилди. Миллий марказ матбуот котиби Ғулом Мирзаев Акмал Саидов Миллий марказдан маош олмаслигини, шунга кўра, юқоридаги қонун талаби бузилмаганини билдирди.

Маълумот учун, Акмал Саидов 1996 йил октябр ойидан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори лавозимида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у 5 марта Олий Мажлис депутатлигига сайланган бўлиб, сўнгги марта 2019 йил 22 декабр куни бўлиб ўтган сайлов натижасида Қашқадарё вилоятидан Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

Top