12:08 / 29.06.2021
9458

“Илмий ютуқлар татбиқ қилинмаса, қишлоқ хўжалигида катта ўзгариш қилиш қийин” — биолог олим билан суҳбат

Ўзбекистон иқтисодиёти учун қишлоқ хўжалигининг аҳамияти анча катта. Шунга қарамай, соҳага илмий ёндашув етишмайди, илмий-тадқиқот институтларида бир талай камчиликлар кўзга ташланади.

Муаммолардан бири – экин ерларида тупроқнинг ҳаддан зиёд кимёлаштирилиши. Ривожланган мамлакатларда ўсимликларни кимёлаштиришга эмас, табиий усулларда етиштиришга кўпроқ аҳамият қаратила бошлаган. Яъни тупроқдаги фойдали бактериялар тўплаб олинади, улар қайта ишланиб, ўсимлик танасига юборилади.

Биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу ва бошқа масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Бахтиёр Расулов айни пайтда ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мутахассиси сифатида фаолият юритмоқда. Бунга қадар бир неча йил Хитой Фанлар академияси институтларида тажриба орттирган.

– Бахтиёр ака, сиз олиб бораётган илмий-тадқиқот ишларининг моҳияти нимадан иборат? Биоазот ўзи нима?

– Биоазот илмий ишланмамиз табиатда, тупроқда мавжуд бўлган, атмосфера азотини ўзлаштириб, ўсимликларга енгил ҳолатда ўзлашадиган биологик азот синтез қилувчи бактериялар асосидаги биологик восита ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида қўлланаётган азотли ёки фосфорли ўғитлар ўрнида қўллаш учун таклиф этилган биологик воситадир.

Биз ҳозирда қўллаётган биовоситамиз асосини тупроқда мавжуд бўлган тирик организмлар ташкил этади. Уларнинг асосий хусусиятларидан бири – ҳаводаги азотни ўзлаштириб, ўсимликка озуқа сифатида етказиб бериш.

Саноатда минерал ўғитлар, азотли ўғитлар ҳаводаги азотни суюқлантириш орқали ва кейинчалик азотни кетма-кет оксидлаш, кейинги кимёвий рекциялар орқали минерал ўғит ҳосил бўлади. Тирик организмларда ҳам моҳиятан шундай жараён. Азотни ўзлаштириб, уни биологик ҳолатда ўтказиб, ўсимлик ўзлаштира оладиган ҳолатга олиб ўтамиз.

– Кимёвий ўғитлардан воз кечиб, фақат табиий йўл орқали ўсимлик дунёсини ривожлантира олиш мумкинми?

– Барибир хоҳлаймизми-йўқми, бу тизимга ўтиш учун маълум бир вақт, кўникма талаб этилади. Бунгача кимёвий йўлдан фойдаланиш мумкин. Бунда анъанавий йўлдан эмас, балки ноанъанавий усулларни қўллаш керак. Мисол учун, ўсимликни баргидан озиқлантириш мумкин. 200 кг карбамидни тупроқдан бергандан кўра, 5 кг карбамидни сувда эритиб, суспензия ҳолатида баргидан бериш мумкин.

Мана шу усулларда ишлаб, секин-секин кимёвий усуллардан воз кечишимиз керак. Сабаби қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатларда, хусусан, Нидерландия, Хитой, Япония каби давдатларда органик маҳсулотларга талаб жуда юқори ва бу анъанавий усулда олинган маҳсулотларга нисбатан бир неча баробар қиммат.

Мисол учун, Наманганда “Art soft claster” холдинг ҳозирда Японияга сочиқ экспорт қилади. Анъанавий усулда пахта толасидан тўқилган сочиқ 1 доллар бўлса, органик пахта толасидан тўқилган сочиқ 3 доллардан сотилади.

Демак, органик маҳсулотга ўтиш нафақат сарф-харажатни, балки фойда-даромадни ҳам бир неча баробарга ошишига хизмат қилади.

– Ҳозирги шароитлар қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали илмий тадқиқотлар олиб бориш имконини берадими?

– Бу оғриқли масаламиз. Бир неча марта бу ҳақда фикр билдирганмиз. Расмий минбарлар, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилганмиз. Юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин афсуски, бир ўзгариш бўлгани йўқ. Мисол учун, лабораторияларимиз моддий-техника базаси ҳалигача янгилангани йўқ.

Тадқиқотларимизни чет элларга бориб қилиб келишга мажбур бўляпмиз. Олим давлатдан эътибор олгандан кейин, энди давлатга хизмат қилиши ҳам керак. Фақат ойликни олиб, куни ўтиши керакмас. Шароит бўлса, ўзбек олими ҳам дунё ҳамжамияти олимларини қойил қолдиришга кучи етади.

Йиллаб чет элларда ишладик. Мен ўзим 8 йил атрофида Хитой Фанлар академияси институтларида ишладим. Олимларимиз салоҳияти етарли. Яна қанчаси четда эрибди. Улар фойдалана олиши керак. Ҳеч ким четдан келиб Ўзбекистоннинг муаммосини ечиб бермайди. Биз четдан мутахассис олиб келгандан кўра, аввал ўзимизнинг олимларимизга имконият яратишимиз зарур.

Биз дунё фани билан қадамма-қадам юришимиз керак. Фан, илм тўхтаб қолгани йўқ. Биз орқада қолмаслигимиз керак. Шу нуқтайи назардан олиб қарасак, фанга шароит керак, эътибор керак. Лекин кўпчилик раҳбарларимиз ҳозирги сиёсатимизни тушунмаяптими, ёки унга эътибор бермаяптими, бу, албатта, танқидга муносиб бўлган хатти-ҳаракатлари бизни ҳайрон қолдиради.

– Айнан қайси муаммоларни санаб ўтган бўлардингиз?

– Бу ерда аниқ айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи иккита йирик бош ташкилотимиз бор: Фанлар академияси ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги. Мисол учун, мен на Фанлар академиясидан, на вазирликдан аниқ бир ёрдам берилаётганини институтимиз мисолида кўрганим йўқ. Балки ишлаётгандир. Майда деталларгача санаб ўтмоқчимасман. Лекин институтимизнинг инфраструктураси ҳисобланган бинолар бузиб юборилди. Омборлар, гаражлар, дарахтларнинг кесиб юборилгани... Биноларни бузиб, ўрнига уйлар қурилаётгани... Энди бу қайси ақлга сиғадики, давлатнинг мулкини бузиб, илмга хизмат қилаётган биноларни бузиб, шахсийлаштириш мумкин?

Биз тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш сезаётганимиз йўқ.

– Мамлакатни ривожлантиришда қишлоқ хўжалиги соҳасининг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

– Қишлоқ хўжалигида Нидерландиянинг бир йиллик даромади 110 миллиард долларга чиқди. Қанийди биз ҳам шу илмий ютуқларни олиб кира олсак. Нидерландияда деҳқончиликнинг ҳар бир муаммолари фундаментал ўрганилади. Молекуляр биологиядан бошлаб ўғитлашгача бўлган жараён янги фан, янги ютуқ сифатида ўрганилади.

Бизнинг бундай оқсашимизда қайсидир жиҳатдан илмий-тадқиқот институтларимизнинг айби ҳам бор. Мавзуни тўғри танлай олмаслик, эски мавзуларга ўралашиб юришлик. Биз ҳалиям эски методлардан фойдаланиб юрибмиз. Дунё мамлакатлари буни аллақачон эски деб ҳисоблайдиган усуллар ҳали қишлоқ хўжалигимизга кириб боргани йўқ. Эскича усуллардан воз кеча олмаяпмиз. Агар шу усулларнинг ўзи кириб борса, қишлоқ хўжалиги даромад келтирувчи соҳага айланади.

Мисол учун, ҳатто қумдаям ҳосил олиш мумкин. Бироқ илмий ютуқларни жалб қилмасдан туриб, қишлоқ хўжалигимизда инқилоб ясашимиз қийин. Биз ҳалиям эски қолиплардан чиқиб кетолганимиз йўқ.

  • Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Достон Раҳматов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов

Top