Жамият | 15:05 / 30.06.2021
33622
3 дақиқада ўқилади

ССВ Тошкентда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида маълум қилди

«Тез ёрдамга» сўнгги 10 кун ичида 200дан ортиқ бола COVID-19 аломатлари билан мурожаат қилган, улардан 191 нафари Зангиотадаги шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудовага асосланиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Насиба Маҳмудова / ССВ матбуот хизмати

«Биламизки, коронавирус инфекцияси дастлаб катта ёшли инсонларда кўпроқ кузатилиб, Ўзбекистонда ҳам пандемиянинг илк даврларида ёш болалар деярли COVID-19га чалинмаган. Афсуски, бугунга келиб, бу вирус уларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Айниқса, сўнгги вақтларда болалар контингенти ичида ҳам касалланиш ҳолатлари тез-тез аниқланмоқда. 

Жумладан, жорий йил апрель ойида «103» хизмати орқали 131 нафар бола хасталик белгилари билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган. Май ойида бу рақам 152 нафарга етган бўлса, июнь ойининг 28 санасига қадар 316 нафарни ташкил қилди.

Айни пайтда шаҳар «103» хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 3900-4000 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Сўнгги 10 кун ичида (19-28 июнь кунлари) эса болаларда коронавирус касаллиги белгилари билан 203та чақириқ келиб тушди. Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ва ушбу вирусга ПЗР тести топшириб, мусбат натижа қайд этилган 18 ёшгача бўлган 191 нафар бемор болаларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар «103» хизмат орқали Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилди», дея Насиба Маҳмудованинг сўзларини келтирмоқда ССВ матбуот хизмати.

Мутахассис коронавирус инфекцияси янада кенг тарқалиб кетмаслиги учун тавсиялар бериб ўтган.

«Сир эмас, бугун Ер юзида коронавирус инфекцияси кириб бормаган мамлакат қолмади, ҳисоб. Афсуски, айрим юртдошларимизнинг карантин қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият кейинги 15-20 кун ичида яна мураккаблашди. Баъзи инсонлар масъулият ва жавобгарлик ҳиссини унутиб, «коронавирус менга ва яқинларимга юқмайди» қабилида иш тутаётгани шундоқ ҳам қалтис бўлиб турган эпидемиологик вазиятни янада издан чиқармоқда.

Шу боис, энг аввало, ҳар биримиз карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиш, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришимиз лозим. Зарурат бўлмаганда одамлар гавжум бўлган жойларга бормаслик, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш ва ниқоб тақиб юришни тавсия қиламан.

Энг асосийси, кўп нарса ўзимизга боғлиқ бўлиб, агар сабр-тоқат, қатъият ва жипсликда ҳаракат қилсак ва эмлаш тадбирларига жиддий эътибор қаратсак, ўйлайманки, бу офат тез кунда бошимиздан арийди. Энг асосийси, бу билан ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асраган бўламиз», деган у.

Мавзуга оид