00:24 / 01.07.2021
5672

2020 йилда дунё миллионерларининг умумий бойлиги деярли 80 триллион долларга етди

Фото: Getty Images

Дунёдаги барча доллардаги миллионерларнинг умумий бойлиги 2020 йилда 7,6 фоизга кўпайиб, 79,6 трлн долларга етди. Бу ҳақда Capgemini SA компаниясининг World Wealth Report ҳисоботида маълум қилинган.

Бир йил ичида бадавлат одамлар (high-net-worth individual, HNWI) сони 6,3 фоизга кўпайиб, 20,8 млн кишига етган. Миллионерлар бойлигининг кўпайишига 2020 йилда фонд бозорларининг сезиларли ўсиши таъсир кўрсатган.

Осиё-Тинч океанининг миллионерлар сони ва уларнинг умумий бойлиги бўйича 5 йиллик етакчилигидан кейин 2020 йилда 1-ўринга яна Шимолий Америка чиқиб олди. Ушбу минтақада миллионерлар сони бир йил ичида 10,7 фоизга ўсиб, 7 млн нафарга етган. Уларнинг умумий бойлиги эса 11,9 фоизга ўсиб, 24,3 трлн долларни ташкил қилган.

2-ўринни эгаллаган Осиё-Тинч океани минтақасида миллионерлар сони бир йил ичида 5,8 фоизга кўпайиб, 6,91 млн нафарга, уларнинг умумий бойлиги 8,4 фоизга ўсиб, 24 трлн долларга етган.

Европада эса бадавлат одамлар сони 2,8 фоизга (5,4 млн нафар), Яқин Шарқда 6,8 фоизга (0,81 млн), Африкада 2,7 фоизга (0,18 млн) ўсган, Лотин Америкасида эса аксинча, 4 фоизга қисқарган (0,6 млн).

Европада миллионерларнинг умумий бойлиги 4,5 фоизга (17,5 трлн доллар), Яқин Шарқда 10,7 фоизга (3,2 трлн доллар), Африкада 3,8 фоизга (1,7 трлн доллар) ва Лотин Америкасида 0,5 фоизга (8,8 трлн доллар) ўсган.

Ўтган йил миллионерлар сони бўйича давлатлар орасида АҚШ етакчилик қилган. Бу мамлакатда миллионерлар сони бир йилда 11,3 фоизга кўпайиб, 6,575 млнга етган. Кейинги ўринларни Япония (3,537 млн миллионер, 6,2 фоизлик ўсиш), Германия (1,535 млн миллионер, 6,9 фоизлик ўсиш) ва Хитой (1,461 млн миллионер, 11 фоизлик ўсиш) эгаллаган. Ушбу 4та давлат ҳисобига дунёдаги барча миллионерларнинг 62,9 фоизи тўғри келган.

Россияда 2020 йилда миллионерлар сони 3 нафарга кўпайиб, 218 нафарга етган.

Бу орада Британияда миллионерлар сони 591 нафардан 573 нафаргача, Кувайтда 207 нафардан 205 нафаргача, Бразилияда эса 199 нафардан 186 нафаргача камайган. Рейтингнинг юқори йигирма бешталигидан фақат шу учта давлатда миллионерлар сони қисқарган.

2021 йил 1-чорагида миллионерлар бойлигининг 30 фоизи акцияларда, 24 фоизи пул воситалари ва унинг эквивалентларида, 18 фоизи фиксирланган даромадга эга активларда, 15 фоизи кўчмас мулкда ва 14 фоизи бошқа воситаларда сақланган.

World Wealth Report ҳисоботини тузишда ҳиссасига жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 98 фоиздан кўпроқ ва глобал фонд бозорлари капиталлашувининг 99 фоиз улуши тўғри келувчи 71та давлатдаги маълумотлардан фойдаланилади.

Top