10:10 / 23.07.2021
6848

Ўзбекистонда раҳбарлар ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилмоқда

Президент “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг эътибори уларга Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ҳамда ўзларининг биринчи раҳбарлари томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка, сансалорликка йўл қўйиб бўлмаслигига қаратилиши айтилган.

Белгиланишича, вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгардир ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.

Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилмоқда:

  • давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади;
  • ҳар йили ижро интизомининг аҳволи юзасидан баҳо беришни назарда тутган ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;
  • давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичлари статистик ва идоравий ҳисоботлар ҳамда таҳлилий маълумотлар асосида тизимли мониторинг қилинади;
  • мониторинг натижалари асосида раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти танқидий таҳлил асосида тегишли давлат бошқарув органлари коллегиал органи ва хўжалик бирлашмаларининг кузатув кенгашларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якуни бўйича муҳокама қилиб борилади;
  • баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Белгиланишича, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тизими доирасида:

  • давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 10 январига қадар белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишган ҳолда тасдиқланади;
  • давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бунда, раҳбар ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда – “қониқарсиз”, 71 фоиздан 90 фоизгача – “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади;
  • ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан раҳбарнинг тегишли ўринбосарлари масъулияти юзасидан таклифлар тайёрланади ҳамда таҳлилий материаллар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига киритилади;
  • ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари тақдим этилган таҳлилий материалларни тегишли раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб, ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига шахсий баҳо берган ҳолда уларни рағбатлантириш чораларини ёки ўзига бириктирилган соҳа ва тармоқларда асосий кўрсаткичларга эришишда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун лавозимга лойиқлиги масаласини кўриб чиқади ҳамда бу тўғрисида аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳисобот беради;
  • ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича якуний таҳлилий материаллар, шу жумладан, уларни рағбатлантириш ёки интизомий чоралар қўллаш юзасидан аниқ таклифлар умумлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади. Бунда заруратга кўра, ўз фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган раҳбар ўринбосарлари лавозимини қисқартирган ҳолда уларга юкланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли департамент фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритилиши мумкин.
Top