14:03 / 27.07.2021
3000

Қаршидаги супермаркетга келиб, ходимларга пичоқ билан таҳдид қилган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда «Қаршида пичоқбозлик» сарлавҳаси остида видео тарқалган. Мазкур видеода тасвирланган ҳолат бўйича вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 2021 йил 24 июль куни соат 16:30ларда Қарши шаҳар «Чармгар» МФЙда яшовчи, вояга етмаган П.С. Қарши шаҳрида жойлашган супермаркетлардан бирида сотувчи бўлиб ишловчи Д.С.нинг олдига келиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида қўпол сўзлар билан уни ҳақорат қилган.

Шу вақтда П.С.нинг ноўрин хатти-ҳаракатлари олдини олмоқчи бўлган супермаркет қўриқчиси Х.Ж.га ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказмоқчи бўлган. Натижада П.С. супермаркет ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Қайд этилишича, жорий йил 24 июль куни мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан П.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top