12:54 / 03.08.2021
43591

«Моуриньо яна бир марта суратга тушишга тайёрлигини айтди» – Шомуродовнинг агенти трансфер қандай амалга ошгани ҳақида

Агент Герман Ткаченко Элдор Шомуродовнинг трансфери бўйича батафсил гапириб берди.

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италиянинг «Рома» клуби билан шартнома имзолади. Жозе Моуриньонинг ташаббуси билан амалга ошган трансфер учун римликлар 17,5 миллион евронинг баҳридан ўтишди. Бу трансфер нафақат ўзбек футболида, балки Россия ва Италияда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.

Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри Элдорга агентлик хизматини кўрсатувчи ProSports Management компанияси бошлиғи Герман Ткаченко билан суҳбат уюштириб, трансфер ҳақида сўради.

– Ҳозиргина «Рома» Шомуродовнинг трансферини эълон қилди. Оддий йигитнинг топ-клубда пайдо бўлиши ташқаридан қараганда эртакка ўхшайди.

– Шомуродовнинг «Рома»га ўтиши эртак эмас. Бу трансферда 90 фоиз Элдорнинг меҳнати рол ўйнаган бўлса, қолган 10 фоизида биз шунчаки ўз ишимизни тўғри қилдик. Албатта, бу аввало Элдорнинг меҳнати, истеъдоди эвазига содир бўлди. Гап фақат Италиядаги дастлабки 10 ойда урилган 8 голда ҳам эмас. У жамоавий ҳаракатларда яхши ўйнади, шерикларига бўшлиқ яратиб берди, ҳимояда ҳам ёрдам кўрсатди.

Қисқа муддатда уни «Женоа» клубидагилар, шериклари ва кўплаб мухлислар ёқтириб қолишди. Умуман олганда, А Серия уни зўр кутиб олди. Бу қишки трансфер ойнаси вақтидаёқ – катта клублар ва журналистларнинг қўнғироқларидан маълум эди.

– Сизнинг бу борада ишингиз нимадан иборат эди?

– Ишни Тошкентда бошлаб, ўшандаёқ қандай ҳаракатланишни келишиб олгандик. Яъни уни аввал унчалик катта бўлмаган рус клубида ўйнатиш орқали Европага олиб боришга ҳаракат қилиш ҳақида ўйлагандик. Унинг аввалига Россияга, кейин Италияга мослашишига ёрдам бердик. Италияда Элдорнинг дастлабки уч ой ҳаётида бизнинг ходимимиз у билан бирга бўлиб деярли барча маиший ташвишларигача ҳал қилиб турди.

Кейин Элдорни италянчани ўрганишга мажбурладик, десам ҳам бўлади. Бошида жуда ёмон ўзлаштирди, ҳозир эса ҳаммаси яхши. Тил ўргангани унга янги мамлакатга мослашишга ёрдам берди. Шунингдек, профессионал шерикларни танлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Италияда ака-ука Жифруддаларнинг GG11 компанияси билан ҳамкорлик қиламиз. Улар ҳақиқий профессионал йигитлар. Яна такрорлайман, Элдорнинг трансфери аввало унинг меҳнати ва карьерани ташкил этишдаги профессионаллиги ёрдамида амалга ошди.

– «Рома»нинг қизиқиши қачондан бошланганди?

– Реал қизиқиш уч ҳафта олдин пайдо бўлди, олдингилари фақат миш-миш эди. «Женоа» таклиф борлиги ва жиддийлиги ҳақида бизни хабардор қилди. Шу тариқа барчаси бошланиб кетди.

– «Женоа» ҳам катта клуб, лекин «Рома» бошқача даража. Икки клуб билан ишлашда фарқ борми?

– Мен уларни солиштирмаган бўлардим, чунки «Женоа» биз учун кўп нарсани англатади. Бу жамоага доим яхши муносабатда бўламиз. Айнан улар Элдорни олиб келиб, Италияга танитишди. «Рома» билан ишлаш чиндан ҳайратланарли. Улар ҳар бир деталга жиддий ва аниқлик билан эътибор қаратишади. Шартнома бошланган вақтда бизга трансфер ҳақида ҳеч қаерда эълон қилмаслигимиз, ҳатто бунга ишора қилмаслик кераклиги ҳақида талаб қўйилди. Футболчига ҳам, албатта.

Римга тиббий кўрикдан ўтишга борганимизда эса қандай кийиниш, қандай кўйлакда, қандай оёқ кийимда бўлиш ва ҳатто қандай ҳаракатланиш бўйича инструкция олдик. Мен ҳали футболчи билан шартнома имзоламай бизни бошқаряпсизлар, деб ҳазиллашиб қўйдим. Менга журналист (инсайдер) Жанлука Ди Марцио қўнғироқ қилиб, трансфер ҳақида минимум маълумот чиқаётганидан ҳайратда эканини айтди. Италиядагилар Элдор Римга қачон боришини ҳам билмай қолишди.

Ўзбекистонда қандайдир фейк аккаунтлар пайдо бўлиб миш-мишлар тарқатди, лекин уларга бизнинг алоқамиз йўқ. Мен тадбиркор сифатида айтишим мумкинки, ишга бу қадар профессионал ёндашиш камдан кам бўлади.

– Элдор «Рома»нинг қизиқишини қандай қабул қилди?

– У жуда хотиржам йигит. Шундай вариант борлигини айтганимизда «Оҳо, чинданми?» деди холос. Бу вақтда у «Женоа» йиғинида эди. У билан ҳозирги трансфер ойнаси вақтида мамлакатни алмаштирмасликка келишгандик. Клубга эса ҳам уларни, ҳам футболчини қаноатлантирадиган таклиф бўлсагина ўйлаб кўришимизни айтгандик. Мана, шундай таклиф бўлди.

– «Рома» деганда ҳозир Жозе Моуриньони тушунишмоқда. Элдор у билан гаплашдими?

– «Женоа»нинг розилиги билан улар телефонда гаплашишган. Жозе ундан ҳол-аҳвол сўраган. Улар Португалияда кўришишди. Жозе Элдорни табассум билан кутиб олди ва яна бир марта расмга тушишга тайёрлигини айтди. Икки йил аввал улар Москвада кўришиб, суратга тушишганди. Умуман олганда, ҳаммаси яхши.

– Бу ижарами ёки тўлиқ трансферми?

– Тўлиқ трансфер.

Top