Жамият | 19:37 / 11.08.2021
1788
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида ўтказилган тадбирларда гиёҳванд моддалар ва совуқ қуроллар сақлаб келаётган шахслар аниқланди

Самарқанд вилояти ИИБнинг «Жиноятчиликка қарши кураш» тезкор профилактик ойлигини ўтказиш режасига асосан, вилоят ҳудудида уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд воситалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида Оқдарё туманида яшовчи, жиноят содир этишга мойил бўлган 17 нафар фуқаронинг яшаш хонадонида тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Маълум қилинишича, Оқдарё тумани «Галаравот» МФЙ Қорахитой қишлоғида яшовчи 1949 йилда туғилган Ғ.Ч.нинг яшаш хонадонида пакетлар ва қопларда сақланаётган тахминан 3 килограмм ўткир ҳидли, кўкнорга ўхшаш ўсимликнинг қуруқ ҳолда сақланаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Худди шундай, Оқдарё тумани Даҳбет шаҳарчаси «Бозоржой» МФЙда яшовчи 1981 йилда туғилган Ҳ.С.нинг яшаш хонадонидан тахминан 500 граммга тенг бўлган ўткир ҳидли, кўкнор ўсимлигига ўхшаш, қуруқ ҳолда сақланаётган ўсимлик далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасида яшовчи 1990 йилда туғилган Ж.Т.нинг яшаш хонадонида бир дона электрошокер қурилмаси мавжуд экани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Шу каби, Оқдарё тумани «Олчинтепа» МФЙда яшовчи 1988 йилда туғилган К.У.нинг яшаш хонадонида 2 дона ўткир тиғли пичоқ ва 1 дона кастет мавжуд экани аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор профилактик тушунтириш ишлари натижасида Оқдарё тумани Aвазали маҳалласида яшовчи 1967 йилда туғилган Б.Ш. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У, марҳум қайнотасининг уйини қайта қуришга ёрдамга борганда, том қисмидан топилган ов қуролига тегишли 101 дона 5,6 калибрли ва 53 дона 5,6 калибрли шовқин чиқарувчи патронларни ўз хоҳиши билан топширган.

Мавзуга оид