Ўзбекистон | 11:29 / 11.08.2021
25233
3 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон университетига кириш имтиҳонлари ҳақида маълумот берилди

Янги Ўзбекистон университетига кириш имтиҳонлари сентябрь ойи бошида ўтказилади. Ўқиш октябрда бошланади. Имтиҳонда 2та фандан жами 80та тест берилади. Бунинг учун 3 соат вақт ажратилади.

Янги Ўзбекистон университетига қабул жараёни ва имтиҳон тартиби ҳақида университетни ташкил этиш департаменти бошлиғи Самариддин Шамсиев маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, 2021/2022 ўқув йилида Янги ўзбекистон университетига муҳандислик факультети очилади ва ҳозирда 3та йўналиш: кимё муҳандислиги, механика муҳандислиги ҳамда дастурий таъминот муҳандислиги йўналишларида қабул жараёнлари бошланди. Қабул 15 августгача давом этади. Кириш имтиҳонлари Cambridge университети томонидан сентябр ойининг бошида ўтказилади. Cambridge университети натижаларни эълон қилгандан кейин Янги Ўзбекистон университетига ўқиш октябр ойида бошланади. 

“Ҳар бир йўналиш учун 100тадан квота, жами 300 нафар талаба қабул қилинади. Кимё муҳандислиги йўналишига топширган абитуриентлар учун кимё ва математика фанларидан, механика ва дастурий таъминот муҳандислигига топширган абитуриентлар учун математика ва физика фанларидан кириш имтиҳонлари бўлади. Ҳар бир фандан 40тадан, жами 80та тест бўлади. Тестлар учун 1,5 соат ажратилади. Баҳолаш тизими математикада ҳар бир тўғри жавоб учун 1 ёки 2 балл (саволнинг қийинлик даражасига қараб) берилади, физика ва кимёдан эса 1,25 балл берилади”, дея Самариддин Шамсиевнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида Янги Ўзбекистон университети халқаро таълим стандартлари бўйича 2028 йилгача 3та халқаро аккредитацияни қўлга киритиши ва университет 2030 йилгача дунёнинг энг яхши 1000та университети қаторида бўлиши режа қилингани маълум қилинган.

“Университетни ташкил қилишдан мақсад – муҳандислик йўналишида малакали кадрларни ўзимизда етиштириб, саноат инқилобини яратиш. Университет ўқув дастури Massachusetts Institute of Technology va Technical Munich University университетлари ёрдамида шакллантириляпти. Президент таълим муассасалари агентлиги ва TUM International GmbH ташкилоти ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига кўра, Technical Munich University’да 24 йил давомида ректорлик қилган Волфганг Ҳеррманн Янги Ўзбекистон университетининг фахрий ректори бўлади”, деди Самариддин Шамсиев.

Департамент бошлиғи бу университет битирувчилари кейинчалик қаерда ишлаши масаласига ҳам тўхталди. Унга кўра, Янги Ўзбекистон университети битирувчилари янги иш ўринларини, ўзларининг стартаплари орқали янги саноат соҳаларини яратишади.

“Бизнинг ҳамкорларимиз Massachusetts Institute of Technology va Technical Munich University университетлари биносида 200дан ортиқ энг нуфузли компанияларнинг офислари жойлашган. Бу дегани шу компаниялар университетда яратилган янги технологияларни ўзининг ишлаб чиқаришига жорий қилмоқда. Янги Ўзбекистон университетининг ўзига хос томони ҳам Ўзбекистондаги энг яхши саноат корхоналари офисларини университет биносида ташкил этиш ва университетда яратилган янгилик ва инновацияларни тижорийлаштириш ҳисобланади”, деди у.

Мавзуга оид