14:04 / 19.08.2021
4046

Ургутда гуруҳ бўлиб безорилик қилган ва фуқароларга тан жароҳати етказган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд вилояти Ургут туманида гуруҳ бўлиб безорилик қилган ва фуқароларга тан жароҳати етказган шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 28 июл куни Ургут тумани Пастки Қайроқли маҳалласида яшовчи М.М., «Дамас» машинасида ўзининг танишлари билан, Камангарон маҳалласига яшовчи таниши Т.А.ни яшаш уйидан олиб, Ургут шаҳридаги истироҳат боғига айланиш мақсадида кетаётган вақтда, шу маҳаллада яшовчи бир неча фуқаролар «Дамас»ни қисиб тўхтатган. Сўнг уларни сабабсиз уриб, тан жароҳатлари етказган.

Қайд этилишича, туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга асосан, воқеа жойига ИИБ ходимлари зудлик билан етиб бориб, фуқароларни тинчлантираётган вақтида, бир гуруҳ фуқаролар ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top