Ўзбекистондаги биринчи рақамли олий таълим муассасаси – Япония рақамли университети ректори билан суҳбат
Япония рақамли университетида таҳсил олувчи ёшлар келажак учун зарур бўлган йўналишларда ўз билимларини мустаҳкамлаб, IТ-муҳандислик соҳасида жаҳон миқёсида ишловчи рақобатбардош кадрларга айланиши мумкин. Университет имкониятлари, таълим тизими ва контракт миқдорлари ҳақида билиш учун таълим муассасаси ректори Равшанбек Мамажонов билан суҳбат ташкил қилдик.
Бугунги кунда рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологиялари тараққиётга эришишнинг муҳим шартларидан биридир. Шу сабаб ушбу соҳада ишлайдиган мутахассисларга кун сайин талаб кучаймоқда. Тошкентдаги Япония рақамли университети (Japan Digital University) япон тили ва IТ муҳандислик маҳоратини мукаммал ўрганиб, Япония университети ва Ўзбекистоннинг давлат университети илмий даражасини қўлга киритиш имкониятини беради. Мазкур олийгоҳда таҳсил олувчи ёшлар келажак учун зарур бўлган йўналишларда ўз билимларини мустаҳкамлаб, IТ-муҳандислик соҳасида жаҳон миқёсида ишловчи рақобатбардош кадрларга айланиши мумкин.
Талабалар университетни тамомлагач, қуйидаги мутахассисликлар бўйича дипломни қўлга киритишади:
• дастурчи;
• QA-синовчи;
• PHP-дастурчи.
Мазкур университет, шунингдек, унинг имкониятлари, таълим тизими ва контракт миқдорлари ҳақида билиш учун университет ректори Равшанбек Мамажонов билан суҳбат ташкил қилдик.
— Равшанбек ака, дастлаб университет ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда Японияга ташрифи давомида ушбу университетни ташкил этиш бўйича келишувга эришилганди ва 2020 йилнинг 2 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ўқув жараёнлари бошланди. Япония рақамли университети асосан IТ мутахассисларини тайёрлашга мўлжалланган. Бизнинг университет рақамли таълим муассаcaси бўлгани сабабли ўқиш жараёни ҳам онлайн, ҳам офлайн шаклда гибрид тарзда олиб борилади. Дастлабки 6 ой давомида интенсив япон курслари ўқитилади. Кейин мутахассислик фанлари Япониянинг таълим дастури орқали онлайн тарзда ўқитила бошланади. Бу университетни ташкил этишдаги асосий мақсадларимиздан бири Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссамизни қўшиш бўлган.
Қариш тенденциясининг кучлилиги ва аҳоли сонининг камайиб бориши натижасида Японияда хорижий кадрларга бўлган талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Айниқса, IТ мутахассисларига талаб жудаям юқори. Назарий билимлардан ташқари 2-курснинг 2-семестридан бошлаб бизда пуллик амалиёт ҳам бошланади. Талабалар ҳам ўқиб, ҳам пул топишни бошлашади. Университетни тугатгандан кейин битирувчиларга Японияда иш жойи тайёр бўлади. Ўқиш давомида ҳам япон тилини, ҳам IТ бўйича мутахассисликни назарий ва амалий жиҳатдан пухта ўрганган битирувчилар нафақат Япониядаги юқори маошли ишларда, балки ўзимизда ҳам талаб юқори соҳаларда ишлашлари мумкин.
— Япония рақамли университети Ўзбекистондаги бошқа таълим муассасаларидан қайси жиҳатлари билан ажралиб туради? Қандай афзалликларга эга?
— Бизнинг олийгоҳ Ўзбекистонда очилган биринчи рақамли таълим муассаcacи ҳисобланади. Биздаги энг яхши жиҳатлардан бири, 2-курснинг 2-сeместридан кейин бошланадиган ҳақ тўланадиган амалиётдир. Амалиётчиларга иш ҳақи Японияда соатига тўланадиган маошдан келиб чиқиб ҳисобланади. Бу пулларнинг бир қисмини талаба ўзига олиши, қолган қисмини контрактини тўлаш учун ишлатиши мумкин. Энг муҳим жиҳати, биз битирувчиларнинг ҳаммасини Японияда иш билан таъминлашга кафолат беряпмиз. Университет тайёр кадрларни тайёрлаб чиқаради ва Япониядаги юқори даромадли иш билан таъминлаш мажбуриятини оляпти. Агар талабa барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, ўқишни охиригача тугатса, унга Японияда иш жойи тайин. Менимча, айни пайтда Ўзбекистондаги ҳеч қайси таълим муассаcaси битирувчиларни иш билан таъминлашга кафолат бераётгани йўқ. Ўзим ҳам 10 йилдан ортиқ Японияда ишлаб, яшаганман. IТ’ни яхши ўзлаштирган ва давлат тилини билган чет эллик кадрларга Японияда талаб жудаям юқори. Битирувчи талабаларга университетни тугатишидан 2-3 ой аввал иш жойлари деярли аниқ бўлади.
— Қабул квоталари ва контракт миқдори ҳам кўпчилик учун жудаям қизиқ. Бу ҳақда батафсил маълумот бера оласизми?
— 2021-2022 ўқув йили учун бизда жами 150та квота мавжуд. Грант 10 нафар талабага берилади. Грант олишни хоҳловчилар ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг фарзанди бўлишлари керак ва имтиҳонларда яхши қатнашиши талаб этилади.
«А» квотаси 40 нафар талабага ажратилади. Бунда асосий давр учун ўқиш нархи 12 200 000 сўмни ташкил қилади, қолган миқдорни эса ҳақ тўланадиган амалиёт ёрдамида тўлашингиз мумкин.
«Б» квотаси эса 100 нафар талабага берилади. Бу ҳам «А» квотаси билан деярли бир хил, фақат биринчи йилдаги тўлов миқдори бироз фарқ қилади. Бунда талаба 12 200 000 сўмни ўзи тўлаши талаб этилади, қолган қисми учун ASIA ALLIANCE BANK ATB томонидан талабаларга имтиёзли шартлар асосида фоизсиз кредит тақдим этилади.
— Кириш имтиҳонлари қандай тартибда ўтказилади?
— Асосий фан бу математика. Ушбу фандан кириш имтиҳони ўтказилади. Бундан ташқари, номзодларнинг япон тилини ўзлаштиришини текширамиз. Лекин абитуриентлардан олдиндан япон тилини билиш талаб этилмайди. Кириш имтиҳонлари даврида япон тили бошланғич даража дарсларига онлайн қатнаш орқали япон тили ўрганилади ва шунга кўра натижалар ҳисобланади. Биз ҳеч қанақа IELTS ёки TOEFL сертификатини талаб қилмаймиз. Бундан ташқари, ҳар бир абитуриент мотивацион хат ёзиши талаб этилади. Хатда нима учун университетга кирмоқчи экани ҳақида батафсил маълумот бериши керак. Ҳужжат топшириш ва имтиҳонларнинг ҳаммаси онлайн тарзда амалга оширилади. Математикадан имтиҳон олинганидан кейин япон тилидан 2 ҳафта ўтиб имтиҳон бўлиб ўтади. Ушбу 2 ҳафта ҳам аслида имтиҳон жараёни ҳисобланади. Қайси абитуриент платформага кириб, қанча вақт шуғулланаётгани назорат қилиб борилади. Актив талабаларга қўшимча баллар тақдим қилинади. Бошида ҳам япон тилини ўрганиш, ҳам мутахассислик дарсларини ўзлаштириш параллел тарзда амалга оширилгани учун ўз устида ишламайдиган талабалар бўлса қийналишади.
Ҳужжатларни қабул қилиш муддати 5 сентябргача (топширувчилар сонига қараб қабул қилиш муддати аввалроқ якунланиши мумкин) давом этади.
Рўйхатдан ўтиш учун: jdu.uz
Батафсил маълумотлар учун ушбу рақамга қўнғироқ қилишингиз мумкин: +998 71 200 05 95
Japan Digital University – аниқ мақсад ва катта орзулар чинакамига ушаладиган маскан!