11:07 / 31.08.2021
2755

Самарқандда фоҳишахона ташкил этган аёл ИИБ ходимига «ишни ёпиш» учун 3 минг доллар пора бермоқчи бўлганда ушланди

Самарқанд шаҳридаги яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил этган аёл ИИБ ходимига ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериши учун 3000 АҚШ долларини пора сифатида бераётганда ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 30 июль куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳар Боғдод кўчасида яшовчи, 1976 йилда туғилган С.Ш. яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил этгани аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шундан сўнг С.Ш. қўзғатилган жиноят иши юзасидан, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси ёнига келиб, ишини ижобий томонга ҳал қилиб беришини сўраб, 3 000 доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

Ходим унга пора бериш жиноят эканини бир неча маротаба тушунтиришига қарамай, С.Ш. 28 август куни 3 000 долларни бериш учун келишини айтиб кетган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан терговчи ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган. Билдиргига асосан, 28 август куни ИИВ ШХББ ҳудудий бўлинмалари Самарқанд вилоят бўйича бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро С.Ш. терговчига 3 000 доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланиб, пуллар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top