Ўзбекистон | 10:18 / 10.09.2021
11535
2 дақиқада ўқилади

Таълим инспекцияси абитуриентлардан ҳужжат қабул қилаётган нодавлат ОТМлар ҳақида маълумот берди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов қабул жараёни давом этаётган нодавлат олий таълим муассасалари ҳақида маълумот берди.

Инспекция масъули хабар беришича, бир нечта нодавлат олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этмоқда.

“Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 29 тага етди. Таълим инспекцияси томонидан ҳозиргача 19 та (шундан 8 таси 2021 йилда) нодавлат олий таълим ташкилотларига лицензия берилган.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабаларнинг қарийб 10 фоиздан ортиғи, яъни 20 000 минг нафарга яқини айнан нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

Талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан мустақил белгиланади. Шу жумладан ўқишга ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ҳам. Таълим инспекцияси томонидан нодавлат олий таълим ташкилотларининг расмий веб-саҳифалари ўрганилганда, ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Маъмун номидаги Жаҳон тиллари институти, TMC институти ҳамда TEAM университети, Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университети, Тошкент халқаро таълим университети каби олий таълим ташкилотларида қабул жараёнлари давом этмоқда”, деди у.

Таъкидланишича, ушбу муассасаларга олий таълим хизматлари кўрсатиш учун Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензиялар расмийлаштирилган. Мазкур нодавлат олий таълим муассасалари томонидан берилган диплом мамлакатдаги бошқа олийгоҳларники билан бир қаторда тан олинади.

Мавзуга оид