Спорт | 17:01 / 27.09.2021
31542
6 дақиқада ўқилади

Шомуродов Осиёда иккинчи, Рашидов клубини финалга олиб чиқди, Яхшибоев «Реал»га тайёрланмоқда. Легионерлар ҳафта сарҳисоби  

Якунланган ҳафтада хориж чемпионатларида тўп сураётган аксарият ўзбекистонлик легионерлар клублари сафида ўзларини кўрсата олишди. Қуйида хориждаги легионнинг дам олиш кунларидаги натижаси билан танишинг.

«Рим дербиси»да мағлубият, Шомуродов Осиёда иккинчи бўлди

Италия чемпионатининг 6-туридан ўрин олган марказий баҳс – Рим дербисида «Лацио» «Рома»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. «Бўрилар» сафида Элдор Шомуродов 64-дақиқада (ҳисоб 1:3 эди) захирадан майдонга тушди.

«Лацио» очколарини 11тага етказиб, 6-ўринга кўтарилиб олди. 12 очкога эга «Рома» 4-поғонада қолди.

Элдор Шомуродов майдондан ташқарида ҳам ғолиблик учун курашди. Ўтган ҳафтада ОФК томонидан «Осиёда ҳафтанинг энг яхши футболчиси» сўровномаси ўтказилган бўлиб, якшанба куни ниҳоясига етган овоз бериш якунларига кўра, Элдор жами овозларнинг 29,69 фоизига эга чиқиб 2-ўринни эгаллади. «Порту» клуби ва Эрон миллий жамоаси форварди Меҳди Тореми эса 42,26 % овоз билан ОФК томонидан ҳафтанинг осиёлик энг яхши ўйинчиси деб топилган. 

«Шериф» Мадридга сафар олдидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди, Яхшибоев захирадан майдонга тушди 

Жасур Яхшибоев тўп сураётган «Шериф» клуби Молдова чемпионати 12-тури доирасидаги «Динамо-Авто»га қарши учрашувда йирик ҳисобда зафар қучди. 

Мазкур ўйинда ҳамюртимиз 67-дақиқада майдонга тушди. Шу куни «Шериф» бош мураббийи Юрий Вернидуб асосий таркиб ўйинчиларига Мадриддаги ўйин олдидан камроқ ўйин амалиёти берди. Шунга қарамай, Тирасполь жамоаси «Динамо-авто»ни 7:0 ҳисобида мағлуб этди.  

«Шериф» навбатдаги учрашувни 28 сентябрь, сешанба куни Чемпионлар лигаси 2-тури доирасида Мадридда «Реал»га қарши ўтказади. Ўйин соат 23:59да бошланади. 

Сардор Рашидовдан ғалаба голи, «Кувайт СК» финалга чиқди 

Яна бир ҳужумкор яримҳимоячи Сардор Рашидов учун ҳафта омадли ўтди. Ўзбекистонлик футболчи Кувайт Амири кубоги яримфинали жавоб учрашуви доирасида жамоасининг ғалабали голига муаллифлик қилди. 

«Кувайт СК» «Казма»ни 2:1 ҳисобда мағлуб этган ўйинда Рашидов жамоасининг иккинчи голини пенальтидан киритди ва клуби билан бирга Амир кубоги финалига йўлланма олди. Жамоа олдига Амир кубоги ва ОФК кубогида ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган.

 Шукуровдан ассист, «Шаржа»дан камбэк 

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров тўп сураётган «Шаржа» клуби ушбу турда иродали ғалабага эришди.

 БАА Про лигаси 5-турида «Ал-Жазира»га қарши баҳсда шаржаликлар 0:1 ҳисобидаги мағлубиятни ўйин якунигача 2:1 ҳисобидаги ғалабага айлантиришди. Шукуров 82-дақиқада Холид Бавазирнинг голига ассистентлик қилди. Ушбу ғалаба эвазига «Шаржа» очколари сонини 12тага етказиб, 2-ўринга кўтарилиб олди. 

Машарипов тўлиқ тўп сурган ўйинда «Ан-Наср» ғалаба қозонди 

Саудия Арабистони 6-тури доирасида «Ан-Наср» жамоаси «Ал-Батин» клубини минимал ҳисобда мағлуб этди. 

Учрашувда ўзбекистонлик яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Эътиборлиси, тур якунида Машарипов Саудия Арабистони Про лигаси томонидан тур рамзий жамоасига киритилган. «Ан-Наср» 5 ўйиндан кейин 9 очко билан 6-ўринда бормоқда.

 Убайдуллаевдан супергол, Абдухолиқовда 66 дақиқа, Умаровда дуранг

 Беларусь чемпионатининг 24-туридан ўрин олган «Энергетик-БГУ» - «Витебск» ўйини 2:2 ҳисобида якунланди. Шу куни мезбонлар сафида Бобур Абдихолиқов ва Шаҳзод Убайдуллаев баҳсни асосий таркибда бошлаган бўлса, Дониёр Абдуманнопов жароҳат сабаб ўйинни ўтказиб юборди.

 Қувонарлиси, учрашувнинг 42-дақиқасида Убайдуллаев акробатик усулда киритилган супергол муаллифига айланди.

 

 Ўйинда Абдухолиқов 66-дақиқагача, Убайдуллаев тўлиқ тўп сурди. Бу дуранг эвазига «Энергетик-БГУ» 28 очко билан 8-ўринда қолди.

 БАТЭ сафида ҳаракат қилаётган Шаҳбоз Умаров эса «Рух Брест» билан баҳсда 2:2 ҳисобни қайд этди. Ўзбекистонлик футболчи 66 дақиқа тўп сурди. БАТЭ 24 ўйиндан кейин турнир жадвалида 52 очко билан 2-ўринда бормоқда.

 Иброҳимхалил Йўлдошев ЦСКАга қарши

Иброҳимхалил Йўлдошев тўп сураётган «Нижний Новгород» клуби Россия Премьер-лигаси 9-тури доирасида ўз майдонида ЦСКА клубини қабул қилади. 

Александр Кержаков шогирдлари ЦСКАни мағлуб этиб, турнир жадвалида Москва клубини ортда қолдириб 7-ўринга чиқиб олиш имкониятига эга. Йўлдошев учрашув қайдномасидан ўрин олган. Ўйин бугун, 27 сентябрь куни соат 21:00да бошланади.

Абдуллаев ва Ҳайдаров – Қирғизистон кубоги соҳиби

Қўшни мамлакатлар чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар талайгина. Хусусан, ўтган ҳафтада ҳамюртларимиз Азамат Абдуллаев ва Отабек Ҳайдаров тўп сураётган Қўчқор-ота шаҳрининг «Нефтчи» клуби Қирғизистон кубоги финалида «Алга» клубини мағлуб этди.

Асосий вақтда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эса «Нефтчи» 4:2 ҳисобида зафар қучиб, кубок эгасига айланди. 

Мавзуга оид