Самарқандда давлат харидларини амалга оширишда содир этилган қонунбузилишлар бўйича вилоят прокуратураси ўрганиш олиб бораётгани маълум қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида ўрганиш олиб борилганда буюртмачилар томонидан давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда 50 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида Kun.uz’да хабар берилганди. Вилоят прокуратураси ҳолатлар бўйича ўрганиш олиб борилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда қиймати 50 миллиард сўмлик қонунбузилишлар содир бўлгани, бунда энг катта ҳисса Самарқанд вилояти ҳокимлигига қарашли инжиниринг компанияси буюртмачилигида қиймати 42 миллиард сўмлик 9 та тендер ғолиблари тендер белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилгани айтилган ҳолатлар вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида ўрганиш олиб борилганда буюртмачилар томонидан давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда 50 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар берганди.
Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси буюртмачилигида Халқ таълими вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг қуйи тизимларига қарашли объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида умумий қиймати 42 миллиард сўмлик жами 9 та тендер эълонлари жойига чиқиб кўздан кечирилганда, тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилгани маълум бўлган.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан 2021 йил 3 август куни Каттақўрғон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси қурилиши бўйича қиймати 5,5 миллиард сўмлик эълон берилган. Бироқ қурилиш ишлари эълонда кўрсатилган муддатдан 3 ой олдин, май ойида бошланган.
Шунингдек, Самарқанд вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан умумий қиймати 37 миллиард сўмлик Ургут туманидаги 22-, 57-, 61-, 93-сонли, Иштихон туманидаги 8-, 41-сонли, Каттақўрғон туманидаги 54-сонли, Самарқанд шаҳридаги 43-сонли мактаб биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича берилган эълонлар тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатлар оқибатида мазкур объектлардан чиққан қурилиш моллари туман халқ таълими бўлимига кирим қилинмасдан, қурилиш ташкилоти томонидан ишлатилган ҳамда маҳаллий аҳолига тарқатиб юборилган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан мебель ва тиббиёт ускуналарини харид қилиш бўйича жами қиймати 5,5 миллиард сўмлик 5 та танлов эълонлари ва ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганда, уларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Самарқанд вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 4 та лот бўйича тиббиёт ускуналарини харид қилиш учун эълон берилган. Мазкур танловлар ҳужжатлари ўрганилганда, унда ғолиб бўлган корхоналар, «Sam Med Torg», «Samarkand Eko Med», «Gamma Med», «Samarqand Ideal Pharm» МЧЖларнинг таъсисчилари ўзаро қариндошлиги маълум бўлган.
Cамарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти томонидан мебеллар тўпламини харид қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида жами қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмлик 3 та танлов эълон қилинган. Ўрганиш натижасида ушбу ҳолатлар бўйича ҳам қонунбузилишлар қайд этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сон қарори талабларига зид равишда мазкур институт томонидан бир турдаги харажатларга тегишли бўлган таъмирлаш ишлари, яъни иқтисодиёт факультетининг иккинчи қаватини мукаммал таъмирлаш бўйича умумий харид ҳажми икки қисмга бўлиниб танлов эълон қилинган.
Жомбой тумани ҳокимлиги томонидан ҳокимликнинг маъмурий биносини қуриш бўйича қиймати 400 миллион сўмлик танлов эълони ўрганилганда, танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, қурилиш ишлари якунлангани маълум бўлган.
«Юқорида кўрсатилган ҳолатларда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган. Шунга кўра, Агентлик томонидан вазирлик ва идораларга давлат харидлари билан боғлиқ бўлган мазкур лотларни бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди», дейилганди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати эълон қилган хабарда.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024