17:18 / 17.10.2021
20608

Макрон Франциянинг Париждаги қирғинни қоралаган илк президенти бўлди. 60 йил олдин шаҳарда жазоирликлар отилган ва дарёга чўктирилган

Эмманюэль Макрон Франция президентлари орасида биринчи бўлиб 1961 йилда Парижда уюштирилган жазоирликлар намойиши қонга ботирилишини қоралади ва бу ҳодисани кечириб бўлмас жиноят деб атади.

AFP VIA GETTY IMAGES

1961 йил 17 октябрида, Жазоирдаги мустақиллик уруши якунланаётган маҳалда Париж полицияси шаҳарда яшовчи жазоирликлар намойишини шафқатсизлик билан бостиради. Ўнлаб кишилар отиб ташланган ёки полициячилар томонидан Сенага улоқтирилиб, чўктириб юборилган.

Бу қатлиом қурбонларининг аниқ сони ҳозиргача маълум эмас. Франция ҳукумати ўтган аср охирида, фожиадан қирқ йилча вақт ўтиб намойишларни тарқатиш вақтида 40 киши ҳалок бўлганини расман тан олганди, аммо бошқа манбалар маълумотларига кўра, қирғин қурбонлари сони 200дан ошиқ бўлгани айтилади.

Француз ҳукумати 20 йил муқаддам намойишчилар қирғин қилингани фактини тан олган бўлса-да, Макронга қадар Франциянинг ҳеч бир президенти бу мавзуда чиқиш қилмаганди.

Эмманюэль Макрон Сена устидаги кўприкда ўтган мотам маросимида иштирок этди - 60 йил муқаддам айнан шу ерда Париждаги жазоирликларнинг кўп минг кишилик намойиши бошланганди. Улар пойтахтда жазоирликлар учун комендантлик соати жорий этилишига қарши чиқишганди.

Макрон маъмурияти тарқатган баёнотда олтмиш йил муқаддам Морис Папон раҳбарлигидаги Париж полицияси кўплаб жиноятлар содир этгани айтилади. Байнот матнига кўра, намойишчиларни «шафқатсизлик билан қонга ботириш» чоғида ўнлаб кишилар ўлдирилган, маршнинг кўплаб иштирокчилари жароҳатланган, 12 минг киши ҳибсга олинган.

AFP VIA GETTY IMAGES

Морис Папонни 1999 йилда 10 йилга қамашади, аммо жазоирликлар ўлими учун эмас, Франция вишистлари бошқаруви вақтида Бордо полицияси бошлиғи бўлганида яҳудийларни нацистларнинг ўлим лагерларига юборгани учун.

Лекин 2002 йилда Папон соғлигидаги муаммолар туфайли муддатидан олдин озодликка чиқарилади. Ўшанда у 92 ёшда бўлган.

Холокостдаги иштироки бўйича айбловлардан олдин Папоннинг карьераси ажойиб кечган. Ўша 1961 йилдаёқ президент Шарль де Голль Париж полицияси префектига мамлакатдаги олий мукофот, Фахрий легион орденини топширганди; 1968 йилда Папон парламент депутатига айланади, кейин Валери Жискар-д-Эстен президентлиги даврида вазир ҳам бўлган.

Яхши, аммо етарли эмас
Айрим жамоат арбобларининг Макроннинг чиқишидан ҳафсаласи пир бўлди: улар Франция расмийларининг айблари ва жавобгарлиги янада аниқроқ тан олинишини кутишганди.

Макрон 1961 йил 17 октябридаги қирғин учун узр сўрамади ва умуман ҳеч қандай нутқ ирод этмади - Елисей саройи фақат унинг номидан баёнот тарқатди.

«Бу прогресс, аммо иш ҳали тугалланмади. Биз кўпроғини кутгандик. Бу ишни Папон ёлғиз ўзи қилмаган. Париж марказида одамларни қийнашган, ўлдиришган ва юқоридагилар барчасидан яхши хабардор бўлишган», дейди «Франс-пресс» агентлигига ирқчиликка қарши Africa93 ташкилоти вакили Мимуна Аджам. У жазоирликларнинг намойиши бостирилиши давлат томонидан содир этилган жиноят деб топилишини истайди.

1961 йилги фожиа қурбонларини хотирлаш бўйича илк маросим 40 йил ўтиб, 2001 йилда Париж мэрлиги томонидан ташкил этилганди.

Top