10:20 / 24.10.2021
8160

Ўзбекистон президенти сайловларида овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда

24 октябрда Ўзбекистонда соат 8 дан президент сайловларида овоз бериш учун 14 та сайлов округида 10 мингдан кўпроқ сайлов участкаси ўз ишини бошлади ва соат 20гача фаолият юритади. Давлат раҳбари лавозимига 5 номзод, жумладан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев даъвогарлик қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Маълумотларга кўра, мамлакатда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган. Улардан 9 миллион 459 минг 273 нафарини ёки 48 фоизини эркаклар, 10 миллион 399 минг 854 нафарини ёки 52 фоизини аёллар, 6 миллион 458 минг 283 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Шунингдек, 887 минг 686 нафар сайловчи биринчи марта овоз беради. 37 та хорижий давлатда тузилган 54 та сайлов участкасида 299 минг 780 нафар сайловчи овоз бериши мумкин бўлади.

14-20 октябр кунлари 421 мингдан кўпроқ, жумладан хорижда 120 мингдан кўпроқ фуқаро сайловларда муддатдан олдин овоз берди.

Президент лавозими учун 5 номзод кураш олиб боради: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров, “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов ва Экологик партиядан Нарзулло Обломурoдов.

Сайловлар хавфсизлигини таъминлашга Ички ишлар вазирлигининг 53 мингдан кўпроқ ходими ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинган. Сайловлар пандемия шароитида ўтаётгани сабабли овоз берувчиларнинг карантин чекловларига амал қилиши назорат қилинади. Жумладан, уларга сайлов участкасига кириш жойида ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар ва қўллар учун дезинфекция воситалари берилади. Бундан ташқари, ҳар бир сайлов участкасида тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, уларда 21 мингдан кўпроқ тиббий ходим навбатчилик қилади. 

Сайловлар боришини 900 дан кўпроқ халқаро кузатувчи, халқаро ташкилотлар, жумладан, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва хорижий давлатларнинг вакиллари кузатиб боради. Шунингдек, округ сайлов комиссиялари томонидан 5 та сиёсий партиянинг 53 мингдан кўпроқ вакилига кузатувчилар ваколати берилган.

Сайловлар боришини маҳаллий ва хорижий ОАВларнинг 1670 га яқин вакили ёритади.

Сайловларнинг дастлабки натижаларини 25 октябрда эълон қилиш режалаштирилган. Сайловлар бўлиб ўтган деб тан олиниши учун уларда овоз берувчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этиши керак.

Маълумотларга кўра, 207 та сайлов участкасида овоз бериш ортидан кузатиш учун видеокузатув тизими жорий қилинган. Ушбу участкалардаги овоз бериш жараёни Марказий сайлов комиссияси порталида, комиссия матбуот маркази ва биносидаги катта мониторда намойиш қилинади.

Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз йиға олмаса, сайловларнинг 2-босқичи ўтказилиши кўзда тутилган. Унда 1-босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод курашни давом эттиради.

Ўзбекистонда президент сайловлари ҳар 5 йилда ўтказилади. 2016 йилда ўтказилган охирги президент сайловларида Шавкат Мирзиёев 88 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонганди.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top