17:15 / 27.10.2021
13248

Саидбек Арслонов – АҚШда дастурчи сифатида ишлаш, имкониятлар ва касбий ўсиш

Uzbek.life портали хориждаги ватандошларимиз ҳаёти ҳақида маълумот берувчи суҳбатларни давом эттиради. Бугунги меҳмон ватандошимиз Mastercard компанияси дастурчиси Саидбек Арслонов.

Мен Тошкентда туғилиб вояга етганман. Олмалиқ тиббиёт коллежини тамомлаганман. Шу боис кўпчилик қизиқади, нега бу соҳадан кетмадим? Дастурлаш ва тиббиётни бир-бирига узоқ соҳа деб баҳолашади. Менда ўзи кичиклигимдан компьютерларга қизиқиш катта бўлган. Айнан дастурлаш соҳаси орқали ҳам тиббиётни ривожлантириш мумкин. АҚШга 9 йил олдин оилавий кўчиб келганмиз. Ҳозир Mastercard компаниясида дастурчи бўлиб ишлайман.

Америкада иш топиш ва ишлаш

Бошида ҳамма ишга рози бўлаверасиз. Mен ҳам илк борган вақтим ресторанда официант ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. Официант ёрдамчисининг вазифаси мижозлар овқатланиб бўлгандан кейин, идишларни йиғиб олиш ва уларни идиш ювишга олиб бориш эди. У мижозларнинг ўзи билан бевосита гаплашмайди. Официантлар тушган чой-чақа пулидан уларга ҳам беришади. Мана шу ишда ишлаб юрганман. Кейин дорихонада ишлаганман, у ерда қўполроқ қилиб айтганда, югурдак вазифасини бажарганман. Яъни асосан буюртма қилинган дориларни уйга етказиб бериш ёки дорихонага юклар келганда, уни тушириш менинг вазифам эди. Бу соҳада бир йилдан кўп вақт ишлаганман. Кейин менга машина ҳайдашни маслаҳат беришган. Сабаби айнан машина ҳайдаганда истаган вақтингда ишлаш ва истаган вақтингда ўқиш имконияти бор деб айтишган. Албатта, менда ҳам ўз ишимни топгунимча қийинчиликлар бўлган. Лекин ёнимдаги инсонлар менга тўғри йўл кўрсатишган. Дастурлаш соҳасига кирганимдан сўнг ҳаммаси яхши бўла бошлаган. Кейин дастурлаш соҳасини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилганман. 

Муваффақиятга эришишда мотивациянинг ўрни

Муваффақиятга эришишимда менга энг кўп ёрдам берган ва ҳар доим мени қўллаб турадиган инсон бу менинг акам. Муваффақият фақат омадга боғлиқ деб ўйламайман, лекин менинг омадим бу дадамга Грин-карта чиққани ва АҚШга келганим. Лекин ҳамма Америкага келганлар ҳам ҳаракат қилмайди. Чунки бу ерда дастурлаш соҳасини ўрганиб яхши иш топиш мумкин, айнан дастурлаш соҳасига Америкада талаб катта ва университетда ўқиган бўлиш ҳам шарт эмас. Энди мотивацияга келадиган бўлсак, менда айнан яхшироқ жойда ишлаш учун яхшироқ пул топиш учун мотивация пайдо бўлишига, албатта, атрофимдаги инсонлар сабаб бўлишган. Бошида айтганимдек қора ишларда ишлаб юрганимда менинг атрофимдаги ўзбеклар ҳам айнан шу каби ишларда ишлашарди. Мен ҳам уларга қараб, яшаб юрибман-ку деган фикр бўлган. Лекин кейинчалик, бошқа штатга кўчганимизда атрофимдаги ўзбекларни яхшироқ ишда ишлаётганини, яхшироқ пул топаётганини кўриб, менда ҳам ҳаракат қилишга мотивация пайдо бўлган. Ўша атрофимдаги яхшироқ ишда ишлайдиган инсонлар шанба ва якшанба кунлари дам олишга кетишарди, улар ҳафтада 3 ёки 5 кун ишлашарди. Менда эса пицца марказида ишлаётганимда шанба ва якшанба кунлари иш жуда кўп бўларди. Улар эса бу кунларда дам олишга кетишарди. Шунда билганман, одам атрофига кучли инсонларни йиғиши керак ва шундагина сиз уларга қараб яхшироқ ҳаракат қилишни бошлайсиз.

Дастурлаш соҳасини ўрганиш бўйича тавсия

Кўпчилик инсонлар дастурлаш соҳасини агар пул учун ўрганмоқчи бўлсанг ўрганмай қўя қол деб айтади. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Кўпчилик ўзи аслида дастурлаш соҳасини яхши пул топиш учун ўрганади. Бу бор ҳақиқат, лекин чин дилдан хоҳлаб, бу касбни эгаллаган ва дастурлаш соҳасисиз ухлолмай чиқадиган инсонлар мингтадан битта ёки 10 мингтадан битта бўлиши мумкин. Айнан мана шундай инсонлар катта-катта корпорациялар ва компанияларни яратадиган инсонлар бўлади. Улар соҳага янгилик олиб киради. Дастурлаш соҳасини ўрганавериш керак. Янги бошлаётганларга тавсиям, ўзи мустақил интернетдаги манбалардан фойдаланиб ўрганиб кўрсин. Дастурлашда қандай соҳалар бор, қандай тармоқлар бор?! Агар бу соҳани ўрганиб кета олишига, яъни ишлаб кета олишига кўзи етса, кейин бирор жойга бориб ўқишни маслаҳат берган бўлардим. Агар бу соҳа менга эмас экан деб ўйласа бемалол бошқа соҳадан кейин кетиши мумкин. Дастурлашни энди ўрганишни бошлаётганлар учун яна бир тавсиям, Frontend дастуридан бошлашса яхшироқ деб ҳисоблайман.

АҚШ чиндан сеҳрли диёрми?

Америкага бориб келган бу ерда яшаган инсонларни ҳаммаси ҳам ёмон тарафлари ҳақида гапириб бермайди. Масалан, Америкада кредит тизими жуда оммалашган. Уйни ҳам,  машинани ҳам инсонлар узоқ муддатга кредитга олишади. Агар у инсон яхши ишда ишламаса ва катта ойлик олмаса, кредитни тўлашга қийналади. Шунинг учун ҳам Америкада банкрот ёки ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатлар кўп бўлади. Америка орзуси деганда фақат машина олиш, уй олиш ёки яхши яшашнинг ўзи эмас. Бу ердаги жуда кўп инсонларнинг уйи ҳам, машинаси ҳам аслида ўзиники эмас, ҳали узоқ муддат давомида кредит тўлаши керак. Айтганимдек, бу ерда агар улар ўз ишини йўқотиб қўйса ёки банкрот бўлса, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кўп бўлади. Бизда эса кўпинча ундай эмас. Инсонлар пул тўплаб машина ёки уй олади. Ҳамманинг ҳам Америкада ишлаб келган ёки яшайдиган танишлари ўз қийинчиликларини айтмайди. Америкада иш топишда қийналганини ёки уйқусиз тунлари ҳақида одатда гапиришмайди.

Америкага келишдан олдин

Америкага келишдан олдин мени тавсиям инглиз тилини яхши ўрганиш керак. Шунда иш жараёнида қийинчилик камроқ бўлади. Шунингдек, яхши маошли иш топишда сиздан касбий маҳорат ҳам талаб қилинади. Агар ўз ишингиз устаси бўлсангиз яхши ҳақ эвазига иш топасиз. Масалан, мен бу борада Америкага келувчиларга бемалол дастурлаш соҳасини тавсия қиламан. Боиси, бу соҳада иш топиш осон, талаб бор. Агар сиз бошқа мамлакатга кетаётган бўлсангиз, аввал у мамлакатни яхшилаб ўрганинг. Қайси касбларга эҳтиёж борлигини билсангиз, иш топишингиз ҳам осонлашади. Энг муҳими эса, қийинчиликлардан ўтиб олгунча сабр қилинг. Дастурлашни ўрганиб, яхши иш топсангиз кейин ҳаммаси ўз жойига тушиб кетади. Ўзим ҳам 30 га яқин юртдошимизга дастурлашни ўргатиб, қора ишлардан чиқиб, яхши компанияларда дастурчи сифатида ўз ишларини топишларида ёрдам берганман. Энг муҳими, чин дилдан ҳаракат қилиш ва машаққатларни енгиб ўтиш орқали мақсадга эришиш мумкин.

Mastercard компаниясига ишга кириш

Америкада дастурлаш соҳаси бўйича нафақат Mastercard, балки бошқа компанияларда ишга кириш тизими бир-биридан фарқ қилади. Агар сиз Америкада бўлсангиз ва дастурлаш соҳаси бўйича ишга кирмоқчи бўлсангиз, иш бўйича эълон орқали ишга кириш қийин. Масалан, мен ҳеч қачон эълон берилган иш бўйича ўз маълумотларимни  жўнатмайман. Боиси менга ўхшаган ишга кирмоқчи бўлганлар минглаб топилади ва менинг ҳужжатларим эътиборсиз қолиб кетиши аниқ. Энг яхшиси, ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни яъни объективка кўринишида тайёрлаб, иш топиш бўйича турли веб-сайтларга жойлаш орқали яхши иш топишингиз мумкин. Бунда сизга уларнинг ўзлари иш таклиф қилади ва суҳбат жараёнида сиздан бирон-бир дастурда ишлаб беришни сўрашлари мумкин ёки улар сизни дастурлаш соҳасида билимингиз қай даражада яхши эканлигини текширишади. Ўзимга келадиган бўлсак, Mastercard компаниясига ишга кириш унчалик ҳам қийин бўлмаган. Сабаби дастурлаш соҳасида ундан аввал анча йиллардан бери фаолият юритиб келардим. Ишга кириш жараёнида учта инсон билан интервью бўлган. Бошланишида мендан шу каби ҳолат бўлганда нима қилган бўлардинг деб савол беришган. Улар менинг жавобимдан ва суҳбат жараёнида билим даражамни билишган сўнг оддийгина суҳбатлашиб ўтирганмиз. Баъзи компанияларда эса ишга кириш жараёни қийин. Интервью давомида масалалар ечишингиз керак ёки улар билим даражангизни чуқур текширишади, лекин охирида ишга олмасликлари ҳам мумкин. 

Ўзим ишлайдиган компания Mastercard ҳақида гапирадиган бўлсам, бу компания жуда катта, лекин кичик жамоаларга бўлиниб ишлаймиз.

Шахсий ривожланиш жуда муҳим

Ҳозир пандемия шароитида онлайн, яъни уйдан туриб ишлаяпмиз. Энг муҳими эса ўрганиш жараёнидаги барча қийинчиликлардан ўтиб олсангиз ва яхши ишга кирсангиз, кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Масалан, мен кирган компанияда иш унчалик ҳам қийин эмас. Ўз устимизда ишлашга шахсий ривожланиш учун ҳам вақт ажратиб олади, бемалол биз жамоа бўлиб ишлаймиз. Кунига 8 соат иш қолган пайтда ўзингизга вақт ажратишингиз мумкин бўлади. Масалан, Mastercard компаниясида 2 ҳафтада бир марта шахсий ривожланиш учун иш кунидан бир кун қўшимча дам олиш берилади. Лекин дастурлашни ўрганиб, ишига кириб олгунга қадар сизда кўплаб қийинчиликлар бўлади ва мана шу жараёндан ўтганларгина ўзининг мақсадига етади.

10 йил ортга қайтиш имконияти бўлганда 

Менда бундай имконият бўлганда кўпроқ дарс қилган бўлардим. Ҳозир ўйлаб қоламан, шу нарсаларни мактаб вақтида ўргансам бўлмасмиди?.. Мактабда ўзи нима қилганман деб ўйлайман? Агар вақт орқага қайтиб келганда кўпроқ билим олиб, дарс қилишга ҳаракат қилган бўлардим. Бошқа инсонларга ҳам кўп ўқиб, кучли билимга эга бўлишларини ва вақтларини бекор ўтказмасликни тавсия қилардим.

Келажакдаги режалар

Энг аввало, Ўзбекистонга қайтиш ниятидаман. Энг биринчи навбатда, Ўзбекистондаги таълим тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчиман. Мақсадларим катта, кўплаб хорижий тиллардаги билим ўрганишга қаратилган таълим жараёнида қўлланиладиган платформаларни ўзбек тилига таржима қилишни ва мана шу дастурлар орқали таълим сифатини оширишни хоҳлайман. Мен ўзим ҳам айнан Ўзбекистонда дастурлаш соҳаси бўйича билимли ёшларни етиштириб чиқаришга ҳаракат қиламан.

Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди

Top