12:40 / 28.10.2021
26060

Фалькао Куманни истеъфога жўнатди, «Рома» ирода кўрсатди, «Бавария» яксон этилди. Кучли бешликда кун ўйинлари

Европа футболида чоршанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар.

Роналд Куман. Фото Twitter

Испания: «Реал» — бир кунлик етакчими?
«Райо Вальекано» — «Барселона» — 1:0 (Фалькао, 30)

Мағлубиятли класико ва фанатларнинг Роналд Куман автомобилига ҳужумидан кейин кўк-анорранглилар сафар ўйинига жўнашди. Бу шанба куни бўлиб ўтадиган навбатдаги уй учрашуви олдидан мухлислар билан муносабатларни яхшилаб олиш учун имкондек кўринганди.

Лекин «Барса»нинг шусиз ҳам кўп муаммоларини Френки де Йонгнинг жароҳат олиши янада чуқурлаштирди. Куман муаммоларни ротация орқали ечишга уринди ва ўтган турда «Реал»га гол урган Агуэро илк марта бошланғич таркибда майдонга чиқди. Аммо «Райо» таркибида яна бир юлдузли форвард сафга қайтганди ва айнан Фалькао Бускетснинг қўпол хатосидан кейин ҳисобни очди.

Колумбия йўлбарси эски анъанасини давом эттирди ва саккиз йиллик танаффусдан кейин каталонияликларга қарши қаторасига тўртинчи ўйинда гол урди. «Барса», худди класикода бўлгани каби танаффусгача рақиб дарвозасига бирор марта аниқ зарба йўлламади. Иккинчи бўлимда зарбалар берилиши бошланди, аммо бу ҳаракатлар наф келтирмади. Ҳатто уч йил ичида илк бор «нуқта»дан адашган Депай пенальтини аниқ ижро этолмаганидан ташқари ўйин охирида Агуэро ва Гави қулай вазиятларни кўкка совурди. Каталонияликларнинг даҳшатли туши давом этади. Бу мавсумда қаторасига бешинчи уй учрашувида ғалаба қозонган «Райо» 19 йил ичида илк бор кўк-анорранглиларни мағлуб этишга эришди ва кутилмаганда чемпионатда 19 очко билан бешинчи ўринга жойлашди.

Ўйиндан кейин Куман мағлубиятни адолатсиз ҳисоб деб атади, яна бир бор таркибнинг муҳим футболчилари сафда йўқлигини рўкач қилди ва уни ўйин сифати эмас, фақат ҳужумлардаги самарадорлик даражаси ташвишга солаётганини айтди.

Аммо энди бу ҳақда Роналд эмас, янги бош мураббий бош қотириши керак бўлади — «Барса» ўйиндан кейин кўп ўтмай нидерландиялик мутахассисни истеъфога чиқарди. Бундай қадам ташланишини анчадан буён кутишаётганди, аммо клубда бунга пул йўқ эди. Афтидан, топишди.

«Реал» — «Осасуна» — 0:0.
«Мальорка» — «Севилья» — 1:1 (А.Санчес, 22 — Ламела, 73)

Сафар ўйинида мағлубиятдан қутулиб қолган «Севилья» бир муддатга биринчи ўринга чиқди. Аммо «Камп Ноу»да кўп куч йўқотган «Реал» ўз майдонида «Осасуна»га гол уролмади. Шу билан бирга, памплоналиклар яхши ҳолатда эканини эътироф этиш керак, жамоа «Сантьяго Бернабеу»га сафар ўйинларидаги тўрт ғалабадан иборат серия билан ташриф буюрганди. Иккинчи бўлимда «Осасуна» ҳисобни очишга ҳам яқин келганди, аммо бир неча метрдан берилган зарба дарвоза устунига тегди. Шунингдек, дарвоза устуни учрашув аввалида ла лиганинг сентябрдаги энг яхши футболчиси сифатида тақдирланган Бензема гол уришига ҳам халал берди. Эндиликда кучли тўртликдаги жамоаларда бир хилда очко юзага келди, Карло Анчелотти шогирдлари қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига биринчи бўлиб олди, аммо пайшанба куни «Реал Сосьедад» Вигода «Сельта»га ютқазмаса, басклар яккапешқадамга айланишади.

Италия: Аллегрининг барбод бўлган юбилейи
«Ювентус» — «Сассуоло» — 1:2 (Маккени, 76 — Фраттези, 44. Лопес, 90+5)

Муваффақиятсиз стартдан кейин ўзига келиб, яна турнир жадвалининг юқори қисмига қайта бошлаган туринликлар Массимилиано Аллегри бошқарувида А Сериядаги 200-ўйинда муаммолар билан тўқнашди. Ўтган турда Бернардески сафдан чиққанди, энди эса Де Шильо майдонни эрта тарк этишига тўғри келди. Аммо булар «Кекса синьора»нинг ўйинидаги мураккабликлар билан солиштирганда арзимас нарсалар. Майдон эгалари босим қилди ва вазиятлар яратди, Дибаланинг зарбаси дарвоза устунидан қайтди, биринчи бўлимда камдан кам ҳужум уюштирган меҳмонлар бўлим охирида гол уриб кетишди.

Иккинчи бўлим давомида туринликлар «Сассуоло» дарвозасини қамал қилишди. Рақиб эса шу қадар зич ҳимояландики, тўп ўтказишга жой йўқдек эди, аммо у қадар қулай бўлмаган вазиятда, жарима нуқтасидан узатилган тўпни Маккени дарвозага жойлади. Аммо голдан кейин «Юве» ғалаба учун борини ташлади дейиш қийин, ўйин сўнгида эса ҳимоядаги муаммолар панд берди. Ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада рақибнинг таянч яримҳимоясидаги ҳавбек Лопес Берардининг заргарона пасидан кейин бирга бир вазиятга чиқиб кетди ва тўпни Периннинг устидан ошириб ташлаб, туринликларнинг тўққиз ўйин давом этган мағлубиятсиз сериясини тўхтатди. Бу голдан кейин Аллегри жамоаси жорий мавсумда ўтказган голлар сони 13тага етди, «Юве» 1992/93 йилги мавсумдан буён тўққиз турда бу қадар кўп гол ўтказмаганди.

«Сампдория» — «Аталанта» — 1:3 (Капуто, 10 — Аскильдсен, 17, автогол. Сапата, 21. Иличич, 90+5).
«Лацио» — «Фиорентина» — 1:0 (Педро, 52)

Икки фронтда ҳаракат қилаётган «Аталанта»ни бу турда қийин сафар ўйини кутаётганди ва жамоа ўйин бошидаёқ гол ўтказиб юборди. Лекин биринчи бўлим давомида таркибдаги футболчилар маҳорати эвазига устунликни ўз томонига оғдирди - Сапата ва Дзаппакоста жуфтлиги барчасини ҳал қилди. Бу ўйинни дисквалификация туфайли захира ўриндиғида ўтказиш имконига эга бўлмаган Жан Пьеро Гасперини ёрдамчиларига трибунадан туриб кўрсатма бериб турди.

Бергамоликлар биринчи бўлимдаги ҳисобдан келиб чиққан ҳолда ўйинни давом эттиришди, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Иличич ҳақиқий шедевр ижро этди. Словениялик ҳужумчи қанотда ҳимоячини алдаб ўтиб, рақиб дарвозасига яқинлашиб келди ва тўпни куч билан тепиб дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Унга сўнгги пасни ўйин охирида захирадан майдонга тушган россиялик яримҳимоячи Миранчук берганди, у тўп учун бир неча рақиблар орасидаги курашда устун келиб, Иличичга бош билан муваффақиятли пас берганди.

«Эмполи» — «Интер» — 0:2 (Д'Амброзио, 34. Димарко, 66).
«Кальяри» — «Рома» — 1:2 (Паволетти, 52 — Ибаньес, 71. Пеллегрини, 78)

Амалдаги чемпион сафардаги нисбатан осон рақибга қарши ўйинда ўзига муаммолар яратмади. Д'Амброзио миланликларнинг биринчи бўлимдаги устунлигини таъминлади — ушбу ҳимоячи қаторасига етти мавсум давомида гол уриб келмоқда ва бу борада (тўпурар ҳимоячилар) Бонуччи билан тенглашиб олди. Ҳимоянинг яна бир вакили Димарко иккинчи бўлимдаги устунликни таъминлади. Қолаверса, ҳисоб 0:1 эканида «Эмполи» бир киши камчилик бўлиб қолган ва ўйинда деярли интрига қолмаганди.

Интрига «Кальяри» ва «Рома» ўртасидаги ўйинда бўлди. Ўтган турда «Наполи»га қарши ўйинда қизил карточка олган Жозе Моуриньо ҳам дисквалификация туфайли римликларнинг ўйинини бошқара олмасди, аммо жамоа мавсумнинг энг ёрқин ўйинчиси бўлиб турган Пеллегрини туфайли иродали ғалабага эришди. Сардорнинг голли паси эвазига Ибаньес ҳисобни тенглаштирди, кўп ўтмай унинг ўзи ғалаба голини урди. Пеллегрини А Серияда илк бор жарима зарбасидан тўғридан тўғри зарба бериб гол урди. Шомуродов бу ўйинда захирада қолдирилди.

Германия: Менхенгладбаҳдаги мўъжиза
«Боруссия» М — «Бавария»5:0 (Коне, 2. Бенсебаини, 15, 21, пенальти. Эмболо, 51, 57)

Фото: LARS BARON/GETTY IMAGES

Юлиан Нагельсманнинг мюнхенликлар клуби бошқарувидаги илк учрашувида Менхенгладбахда дуранг қайд этилганди (1:1), бир ярим ой ўтиб «Бавария» яна шу шаҳарга қайтди, аммо коронавирусдан ҳали соғаймаган бош мураббий Германия Кубоги 1/16 финали доирасидаги ўйинни ўтказиб юборди. Чемпионлар ҳозирда феноменал ўйин кўрсатишмоқда ва сўнгги уч учрашувининг барчасида камида тўртта гол фарқи билан ғолиб бўлган, бундай йирик ҳисоб чоршанба оқшомида ҳам қайд этилди.

Афтидан, жамоалар формаларини алмаштириб олишгандек эди, чунки «Бавария» эмас, «Боруссия» гол машинасига айланди ва 21-дақиқага келиб меҳмонлар дарвозаси уч бор ишғол этилди. «Бавария» кубок турнирларида ҳали ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаганди. Айримлар мюнхенликлар иккинчи бўлимга бутунлай бошқа кайфиятда тушишини кутгандир, аммо уларнинг камситилиши давом этди. Эмболо олти дақиқа ичида икки гол урди ва ҳет-трик расмийлаштиришга ҳам яқин келди, аммо яккама-якка вазиятда уни Нойер тўхтатиб қолди.

Ҳозирда қайси бири ёмонроқ, айтиш қийин — Гладбаҳда шундай мағлуб бўлишми ёки бир йил олдин бўлганидек, иккинчи дивизион вакилига пенальтилар сериясида ютқазиб турнирни тарк этишми? Нима бўлмасин, «Бавария» қаторасига иккинчи мавсум турнирдан иккинчи раунддаёқ чиқиб кетмоқда. Немисларнинг гегемони билан бундай ҳолат охирги бор 90-йиллар ўрталарида қайд этилган, жамоа ички турнирларда 1978 йилдан буён бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлмаганди. Ўшанда мюнхенликлар Дюссельдорфнинг «Фортуна» жамоаси томонидан яксон этилганди (1:7).

Англия: Гвардиола гегемониясининг якуни
«Вест Ҳэм» — «Манчестер Сити» — 0:0, пенальтилар серияси — 5:3.
«Лестер» — «Брайтон» — 2:2, пенальти — 4:2 (Барнс, 6. Лукман, 45+5 — Уэбстер, 45+3. Мвепу, 71).
«Престон» — «Ливерпуль» — 0:2 (Минамино, 62. Ориги, 84)

Англия лигаси кубоги ҳам сюрпризларсиз кечмади, совриннинг амалдаги соҳиби чоракфиналга ўта олмади. Хосеп Гвардиола бу турнирни хусусийлаштириб олгандек туюларди, сўнгги тўрт мавсумда бу турнирда фақат «Ман Сити» ғолиб бўлган ва даражаси бўйича учинчи турнирда каталониялик мутахассис рекордчига айланганди. Аммо пенальтилар сериясида «Вест Ҳэм» футболчиларининг асаблари мустаҳкамроқ бўлиб чиқди, «шаҳарликлар» сафида Фоден ҳал қилувчи хатога йўл қўйди.

«Брайтон»га қарши ўйин асосий вақтдаёқ ҳал бўладигандек кўринган бўлса-да, «Лестер» ҳам 11-метрдан зарбалар сериясида қатнашишига тўғри келди, лекин якунда барибир кейинги босқичга ўтадиган бўлди.  «Ливерпуль» иккинчи таркиби билан чемпионшип аутсайдерларидан бирини осон мағлуб этди. Қизиллар сафида Минамино турнирда қаторасига учинчи ўйинда гол урди, кечани — Оригининг қойилмақом голи безаб берди, у ҳаводаги тўпни товони билан дарвоза тўрига киритиб юборди.

Франция: қайта ўйиндаги дуранг
«Ницца» — «Марсель» — 1:1 (Гуири, 6 — Пайет, 42)

Франция чемпионатида фанатлар билан боғлиқ можаролар меъёридан ошиб кетди. Ўтган ҳафта охиридаги тур ўйинларида «Марсель» мухлислари Неймар бурчак тўпини ижро этаётганида турли предметлар ирғитишганди, ашаддий мухлислардан бири майдонга чиқиб кетиб, Мессининг ҳужумини тўхтатиб қўйганди. Аммо Сент-Этьендаги ўйин қизғин воқеаларга янада бой бўлди, бу ерда раҳбарият ва бош мураббий Клод Пюэлга норозилик авж олган, клубнинг паст натижаларидан безор бўлган мухлислар майдонга ёнувчи буюмлар улоқтиришди.

Иш ўйин бекор қилинишигача бориб етганди, якунда ўйин бир соат кечикиб бошланди. Август ойида эса «Ницца» — «Марсель» учрашуви мухлисларнинг Пайетга буюм улоқтиришидан кейин бошланган тартибсизликлар туфайли охирига етказилмаган ва кейин ўйин натижаси бекор қилиниб, қайта ўйин ўтказиш бўйича қарор қилинганди. Бу оқшомда бу жамоалар Труадаги бетараф майдонда, бўш трибуналар қаршисида ўйнашди. Августдаги ўйин 75-дақиқада «Ницца» фойдасига 1:0 бўлиб турганида тўхтатилганди.

«Ницца» бу ўйинда ҳам Гуирининг тезкор голи билан ҳисобни очди. Аммо ўтган сафарги ўйинда рақиб фанатлари билан муштлашиб кетгудек бўлган Пайет бу сафар мувозанатни тикловчи голни урди.

Кун статистикаси

  • Беларусда қаторасига 2-йил Солигорскнинг «Шахтёр» клуби чемпион бўлди.
  • «Барселона» Испания чемпионатида қаторасига тўртинчи ўйинни ғалабасиз ўтказди (=2-2), бунақаси 2003 йилдан буён рўй бермаганди.
  • «Бетис» бош мураббийи Мануэль Пеллегрини Ла Лигада 381-ўйинини ўтказди, у бу кўрсаткич бўйича хорижий мутахассислар орасида бешинчи ўринга кўтарилди.
  • А Серияда «Ювентус» ҳимоячиси Бонуччи 400-ўйинини ўтказди.
Top