08:48 / 02.11.2021
10234

Ўзбекистон томонидан 2006 йилда халқаро қидирувга берилган шахс Абу-Дабида қўлга олинди 

Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси (ММБ) томонидан халқаро қидирувда бўлган шахс Бирлашган Араб Амирликлари Интерпол ММБ ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида қўлга олинди. 

Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси хабарига кўра, ушбу шахс 1972 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси С.M. бўлиб, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддаларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари томонидан 2006 йилда халқаро қидирувга берилган.

Олинган материаллар асосида ушбу шахснинг тахминий жойлашуви ҳақидаги маълумот Интерпол бош котибиятига юборилган. Фуқаро С.M. 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юргани аниқланган. 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон ММБ томонидан фуқаро С.M. АҚШ ҳудудини тарк этгани тўғрисида маълумот келиб тушган. 

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги Интерпол ММБ ва Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M. Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинган ва ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Top