11:15 / 09.11.2021
12519

Ҳиндистонда Зика вируси авж олиши қайд этилди. Инфекция тез тарқалмоқда

Ҳиндистоннинг аҳоли энг зич жойлашган штати Уттар-Прадешдаги Канпур шаҳрида камида 89 нафар одам, жумладан 17 нафар бола Зика вирусини юқтирган.

Фото: Getty Images

Канпур бош санитар врачи Непал Сингҳ штатда Зика вируси авж олганини маълум қилди. Ҳиндистонда илк ҳолат 2017 йилда Гужаротда қайд этилган.

Чивинлар ташувчи бўлган вирус болалардаги микроцефалия ҳолатлари ва аутоиммун касаллик Гийен Барре синдроми ҳолатлари билан боғлиқ. Чивинлардан ташқари вирус жинсий йўл билан ҳам юқиши мумкин.

Бу Уттар-Прадешда Зика вирусининг илк маълум бўлган эпидемиясидир. 23 октябрда Канпурда вирусни илк юқтириш ҳолати қайд этилгач, касалланганлар сони тобора орта бошлади. Улар орасида бир нафар ҳомиладор аёл ҳам бор.

Уттар-Прадеш штати бош вазири Йоги Адитянатҳнинг тан олишича, инфекция тез тарқаляпти. У маҳаллий амалдорларга санитария чораларини кучайтириш ҳақида кўрсатма берган. “Касаллик жиддийлигидан келиб чиқиб, эҳтиёткорликнинг ўзига хос чоралари талаб этилади. Шунинг учун ҳар бир бемор доимий кузатув остида бўлиши керак”, - деди у.

Зика вируси

Flavivirus турига оид ушбу вирусни Aedes турига мансуб чивинлар ташийди ва касаллик чақиради. Тана ҳарорати бироз кўтарилиши, тошма, конъюнктивит, чарчаш, бош оғриғи ва бўғимлардаги оғриқ, иситма ва бўғимлар шишиши каби белгилар билан кечади.

Илк марта вирус 1947 йил Угандадаги маймунларда аниқланган. Одамларга илк марта юқиш ҳолати эса 1954 йилда Нигерияда қайд этилган. Ўша вақтдан бери Африка, Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океани оролларида ушбу касаллик авж олиш ҳолатлари кузатилган. 2015 йилнинг май ойида вирус Бразилияга етиб борди ва у ерда тез тарқала бошлади.

Зика вирусини даволаш усуллари мавжуд эмас. Фақатгина уни ташувчи чивин чақиши олдини олишга ҳаракат қилиш мумкин. Ўлим ҳолатлари кам учрайди ва ҳар бешинчи инфекцияланган одамдан фақат биттасида касаллик белгилари намоён бўлади.

Top